Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқандда янги йўлларга базальт металлидан ясалган биопанжара тўшалиб, устидан асфальт ётқизилмоқда

Самарқанд шаҳрида амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари жараёнида Даҳбед ва Мотрид кўчаларида ҳам 4 километрлик йўл инфратузилмаси янгиланмоқда.

Кўча кенгайтирилиб, аҳоли учун велойўлаклар ташкил этилмоқда. Қурилиш-таъмирлаш  ишлари пудратчи «New-tech-Samarkand» МЧЖ ишчи-хизматчилари томонидан олиб борилмоқда.  

 

- Мазкур кўчанинг кенглиги 18 метрдан 22 метрга етказилади, - дейди корхона участка бошлиғи Илаш Қаршибоев. - Йўлни иккига ажратиб турган 3 метрлик яшил майдончадаги дарахтлар бошқа жойга кўчирилиб, ўрнида темир тўсиқ ўрнатилади. Йўл четидаги ариқлар усти ёпилади. Лотокларнинг ҳар 12 метр жойидан эса ёмғир сувлари тушадиган тешиклар қолдирилади ва хавфсизлик таъминланиб, усти маҳкамланади. Шунингдек, кўчанинг икки томонида 80 та тунги ёриткич ўрнатилади.

Корхонанинг 30 нафар ишчиси томонидан ҳозиргача вело ва пиёдалар йўлаги учун 600 метр масофада жой тайёрланди. Кунига 200 метр йўлак жойи, 300 метр сувоқова учун қувурлар ташланмоқда.    

Йўлсозлар Самарқанд шаҳри учун янгилик бўлган лойиҳага қўл урган. Улар йўлга базальт металлидан ясалган биопанжара тўшаб, устидан асфальт ётқизишни мўлжаллаган.

- Йўлларга асфальт ётқизилгач, машиналарнинг оғир юк билан юравериши натижасида қайта таъмирлашга тўғри келарди, - дейди хусусий корхона устаси Ҳусан Рустамов. - Энди халқаро талаблар асосида амалга ошириладиган мазкур усул йўлнинг узоқ йиллар хизмат қилишида муҳим омил бўлади. Шунингдек, автомашиналар ва пиёдаларнинг ҳаракати тартибга тушади, хавфсизлиги таъминланади.

Мазкур объектда “Ҳудудгаз Самарқанд” газ таъминоти филиали ишчилари табиий газ, «Самарқанд сув таъминоти» МЧЖ ҳамда «Сув таъминоти ва оқова сув объектлари қурилиши бўйича инжиниринг компанияси” ДУК вилоят бошқармаси томонидан ичимлик суви тармоқлари янгиланмоқда.

- 3 километрдан зиёд масофадаги ичимлик суви тармоқларини алмаштиришни режалаштирганмиз, - дейди «Фаворит групп» МЧЖ иш бошқарувчиси Комилжон Бегматов. – Рудакий кўчасидан Даҳбед кўчаси орқали Мотрид маҳалла марказигача бўлган масофадаги эски қувурлар ўрнига 325 миллиметр ўлчамдаги пўлат қувурлар ўрнатилади. Ҳозиргача 500 метрдан зиёд қувур кўмилиб, 134 метрига жой ҳозирланди. Ишчиларимиз автомашиналар қатновига халақит бермаслик учун кеча-кундуз икки навбатда ишламоқда.

- Мазкур ичимлик суви тармоқлари ўтган асрнинг 60-70 йилларида қурилган бўлиб, қувурлар бутунлай яроқсиз аҳволга келиб қолган эди, - дейди «Сув таъминоти ва оқова сув объектлари қурилиши бўйича инжиниринг компанияси” ДУК вилоят бошқармасининг техник назоратчиси Ўктам Нормуродов. – Натижада тоза сувнинг 50 фоизи йўқотиларди. Янги ўрнатилаётган пўлат қувурлар 50 йилга мўлжалланган бўлиб, машиналарнинг ҳаракати натижасида юзага келадиган деформацияга дош беради. Қувурлар замонавий лойиҳалар асосида 2,-2,5 метр чуқурликда ўрнатилмоқда.

Сувсозлар 1,2 миллиард сўмлик лойиҳага кўра ўз ишларини муддатидан олдин, яъни жорий йилнинг учинчи чорагида якунига етказишни мақсад қилишган.

Объектда «Ўзбектелеком» акциядорлик жамиятининг Самарқанд шаҳар телекоммуникация боғланмасининг Ш.Алимов бошчилигидаги қурувчилар бригадаси ҳам меҳнат қилмоқда.

Алоқачилар Мотриддан Қорасув массивигача бўлган 3,5 километр масофага оптик толали кабель тортиш ишларини бошлаган. Бир ой муддатда ўз ишини якунлашни кўзлаган қурувчилар томонидан ҳозиргача қарийб 1000 метр масофада жой ковланиб, алоқа кабеллари ётқизилди.

Дилмурод Тўхтаев.

***

Ҳусан Элтоев олган суратлар.