Қандай автомобиль турар жойлари солиққа тортилади?

Кейинги кунларда ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари томонидан жорий йилнинг 1 январидан бошлаб кўп квартирали уйларга бевосита боғлиқ бўлган автомашина турар жойлари жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ объектига киритилгани муҳокама қилинмоқда.

Таъкидлаш жоизки, бу каби объект солиқ базасига нисбатан 0,23 фоиз миқдоридаги солиқ ставкасида солиққа тортилади.

Ушбу меъёр амалиётда кўп қаватли уйларнинг ер ости қаватида жойлашган автомашина турар жойларига кадастр қиймати белгиланган ҳолда кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилиши сабабли аниқлаштирувчи хусусиятга эга. Масалан, автомашина турар жой кадастр қиймати 12 миллион сўм миқдорида белгиланган. Ушбу кадастр қийматига нисбатан 0,23 фоиз миқдорида солиқ ставкаси қўлланилади. Натижада бир автомашина турар жойи учун йиллик жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи суммаси 27,6 минг сўмни ташкил қилади.

Шу ўринда қайд этиш лозимки, бугунги кунда жисмоний шахсларга тегишли бўлган гаражлар ер солиғи ва мол-мулк солиғига тортилмоқда. Мазкур норма турар жойи ҳовлисида ўзининг автомашинаси учун жойни ободонлаштиришга қарор қилган жисмоний шахсларга, юридик шахсларнинг автотранспорт воситаларини сақлаш хизмати (пуллик авто тураргоҳ)дан фойдаланувчи жисмоний шахсларга нисбатан татбиқ қилинмайди. Ушбу ҳолатда юридик шахс солиқ тўловчи саналади.

Самарқанд вилояти давлат солиқ бошқармаси ахборот хизмати.