Йўллар халқ фаровонлигига хизмат қилиши керак
Самарқанд вилояти ҳокимлигида жорий йилда йўллар қурилиши бўйича амалга оширилиши зарур бўлган лойиҳалар муҳокама қилинди.
Вилоят ҳокими раҳбарлигида ўтказилган муҳокамада “Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш дирекцияси”, “Кўприк қурилиш таъмирлаш” ва “Минтақавий йўлларга буюртмачи хизмати” давлат унитар корхоналари ҳамда вилоят ҳокимлиги инжиниринг компаниялари буюртмаси асосида Самарқанд шаҳри ва Пайариқ туманида амалга оширилиши белгиланган 33 та лойиҳа атрофлича кўриб чиқилди.
Ҳар бир лойиҳа муҳокамасида йўл қурилишига қадар коммуникация тармоқлари ҳолати инвентаризациядан ўтказилишига, зарур ҳолларда биринчи навбатда барча тармоқлар янгиланишини таъминлашга, шунингдек, йўл инфратузилмасини, айниқса, маҳаллалар ичидаги кўчаларни сақлаш, таъмирлаш ва реконструкция қилишга алоҳида эътибор қаратилиши таъкидланди.
- Йўллар, аввало, Самарқанд халқи фаровонлигига хизмат қилиши керак, - деди Эркинжон Турдимов. – Бунинг учун эса сифат бош мезон бўлиши шарт.
Муҳокама якунида барча лойиҳалар яна бир бор кўриб чиқилиб, зарурий тузатиш киритиш мақсадида қайта ишлашга йўналтирилди.
Самарқанд вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати.