Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Пахтачининг қиммат йўлкираси, чўккан йўллар, чиқинди қутисиз масканлар

Пахтачи туманига, бувимникига тез-тез бориб тураман. Ҳар сафар қулай деб таксига чиқардим, аммо бу гал таксига кетадиган пулни тежагим келди. Ахир Самарқанд шаҳридаги “Ҳазора” автошоҳбекатидан жўнайдиган такси ҳайдовчилари Каттақўрғонгача 35 минг сўм, Мирбозорга 40-45 минг сўм, Пахтачигача 50 минг сўм деб тургач, бир талабанинг чўнтаги кўтармаслиги аниқ-да.

Шундай қилиб, аввал Каттақўрғонгача қатнайдиган автобусга ўтирдим, йўлкира 7 минг сўм экан. 35 минг қаерда-ю 7 минг сўм қаерда? Автобус 11:00 да йўлга тушди. Автобус тўлди, тик туриб кетадиганлар ҳам топилди. Уч болали бир аёл ёш боласини тиззасига ўтирғизиб, 8-9 ёшли болалари тикка турган ҳолда йўлга тушишди. Каттақўрғонга 12:20 да кириб бордик, яъни 1 соату 20 минут йўл юрибмиз. Автобусдан тушиб Мирбозор таксилари турган томонга ўтдим. Енгил машиналар Мирбозоргача 10-15 минг сўм деб турибди, Зиёвуддин шаҳригача эса 30 минг сўм. Агар йўл билмасангиз аҳволингизга маймунлар йиғларкан. Мирбозоргача автобус қатнови ҳам йўлга қўйилган экан, нархи 4 минг сўм. Қарасам, автобусда ниқоб таққан одам йўқ ҳисоби, қолаверса, йўловчилар кўп, тиқилинч.

Одамлардан автобус Мирбозоргача қанча вақтда етиб боришини сўрадим. “Ҳар қадамда тўхтаб, узоқ вақт юради”, деган жавобни олдим. Шунинг учун «Дамас»га минишга қарор қилгандим, 20 дақиқа одам тўлишини кутдик. 5 минг сўм билан Мирбозоргача бордим. Зиёвуддин шаҳарчасига бориш учун яна «Дамас»га ўтирдим, 6 минг сўм экан. Қизиқ, Самарқанд шаҳридан Каттақўрғонгача 7 минг сўм билан келгандим. Яқин масофага 6 минг сўм...

Ва ниҳоят, уч соат деганда манзилимга етиб келдим. Қариндошларимиз билан дийдорлашгач, кечга томон Пахтачи тумани марказини сайр қилдим. Кейинги йилларда Зиёвуддин шаҳарчасида анча ўзгаришлар бўлди. Равон йўллардан юрар эканман, “Висол” тўйхонаси ёнидаги чорраҳага светофор ўрнатилибди. Аммо йўлдан пиёдалар ўтиши учун “зебра” чизиқлари йўқ. Истиқлол кўчасининг чап томонида замонавий уйлар қурилган, шаҳарникидан қолишмайди. Кўзим қувнаб, анча жойни пиёда босиб қўйдим. Аммо қўлимдаги шоколад қоғозини ташлай десам, чиқинди қути йўқ. Балки чиқиб қолар, дея йўлимда давом этавердим. Оилавий поликлиника, матбуот уйи, 25-сонли болалар мусиқа мактаби ёнидан ўтдим ҳамки, чиқинди ташлаш имкони бўлмади.

Равон, янги қурилган йўлларнинг ҳар жойида чиқитлар, тиббий ниқобларга кўзим тушди. Одамлар ҳам эҳтимол, мажбурликдан ташлаб кетаётгандир. “Ёшлар истироҳат боғи”га кириб, сайр қилдим. Афсус, бу ерда ҳам ўша аҳвол. Бирон жойда чиқинди қути йўқ. Ҳар жойда қоғоз, писта пўчоқлари сочилиб ётибди.

Боғдан чиқиб, “Маданият маркази”дан ўтгандан сўнг йўлнинг ҳар 10 қадами чуқур бўлиб ўйилганига гувоҳ бўлдим. Кечқурун-ку майли, ҳатто кундуз куни ҳам одам бу чуқурга қоқилиб кетиши ҳеч гап эмас. Наҳотки, янги қурилган марказий кўчанинг аҳволи шу бўлса…

Нега доим шундай? Янги қурилган йўллардан маза қилиб, йиллар давомида баҳраманд бўлолмаймиз? Ё йўл яна бузилади, ёки чўкиб қолади, ёки йўл четлари ташланган чиқит билан кўнгилни хира қилади.

Хуллас, Пахтачидан қайтишда вақтимни тежагим келди. 35 минг сўм билан билан «Дамас»да шаҳарга қайтдим. Йўл-йўлакай вилоят марказига доимий равишда боришга мажбурларни, беморлар ва умуман, ойлик-маошга кун кечираётган одамларни ўйладим. Йўлкира нархи қийнамаяптимикан?.. Пахтачиликлар чиқитни қачонгача янги қурилган йўл четларига ташлашаркан?..

Муниса Шамсиева.