“Трансформатор йил охиригача ўрнатилади”: Пахтачидан келган мурожаатга муносабат билдирилди

Аввалроқ, каналимизда Пахтачи туманининг Мирза Олим маҳалласидан келган мурожаат эълон қилинганди.

Айтилишича, ҳудудда йиллар давомида аҳоли кўпайиб кетиши баробарида трансформаторлар кўпаймаган ва янгиланмаган. Оқибатида ўтган асрнинг 70-80-йилларида қўйилган трансформатор қуввати етмай, зўриқиб ишламоқда. Масалан, Бунёдкор кўчасидаги хонадонларда кучланиш пастлиги сабабли электр жиҳозлар ишламайди. Аҳоли алоҳида трансформатор қўйиш учун 2021 йилдан бери ташкилотларга такрор-такрор мурожаат қилиб келмоқда. “Пахтачи тумани ҳокимлигига, Президент виртуал қабулхонасига мурожаатимиз юзасидан ўтган йил кузда келган туман электр тармоқлари ҳодимлари “10-15 кунда трансформатор ва симёғочлар қўйиб берамиз”, деб ваъда бериб кетганди. Аммо бажарилмади”, дейилади мурожаатда.

“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ вилоят ҳудудий филиалига кўра, айни масала туман ҳокимлиги билан биргаликда ҳал этилиши кўзда тутилган.

“Ижтимоий тармоқларда Пахтачи тумани, Мирза Олим маҳалласи, Бунёдкор кўчасидаги аҳоли хонадонларида электр токининг кучланиши пастлиги хусусида мурожаат эълон қилинди.

Мурожаатда келтириб ўтилган манзилдаги аҳоли хонадонларига «Султонобод» подстанциясидан чиқувчи «Ҳамза» фидеридан таъминланувчи 390-трансформатор пункти орқали электр таъминоти етказиб берилади. Ушбу маҳаллада яшовчи фуқаролар туман ҳокимлиги ва электр таъминоти корхонасига электр токининг кучланиши пастлиги сабабли қўшимча трансформатор пункти ўрнатиб беришни сўраб мурожаат қилишган.

Бу бўйича электр таъминоти корхонаси масъуллари, маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси ҳамда бир гуруҳ фуқаролар иштирокида йиғилиш ўтказилиб, Бунёдкор кўчасидаги 75 та хонадонда электр таъминоти сифатини яхшилаш мақсадида бир дона 100/10 кВ қўшимча трансформатор пункти ўрнатилиши муҳокама қилинган. Шу боис жорий йилда туман ҳокимлиги билан келишган ҳолда бир дона трансформатор пункти олиб келиниши ва йил охирига қадар ўрнатиш ишлари олиб борилиши режага киритилганлигини маълум қиламиз”, дейилади филиал хабарида.