Самарқандга янги куч трансформаторлари олиб келинди
“Ҳудудий электр тармоқлари” Самарқанд ҳудудий филиали томонидан вилоятга биттадан 63 минг кВА ҳамда 40 минг кВА катта куч трансформаторлари олиб келинди.
Хитой Халқ Республикасида ишлаб чиқарилган мазкур юқори қувватдаги трансформаторлар Самарқанд шаҳридаги “Афросиёб” ҳамда “Ғарбий” нимстанцияларида ўрнатилиши кўзда тутилган.
- Шу пайтгача вилоятимизга бу каби юқори қувватда билан ишлайдиган трансформаторлар йўқ эди, - дейди “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Самарқанд ҳудудий филиали бош муҳандиси Элдор Мамасолиев. – Ушбу модернизация ишлари натижасида Самарқанд шаҳри, Тойлоқ ва Самарқанд туманларидаги аҳоли ва улгуржи истеъмолчиларнинг электр таъминоти яхшиланади.
Шунингдек, вилоятга яна 1 та 63 000 кВА, 5 та 40 000 кВА янги юқори қувватли куч трансформаторлари олиб келиши режалаштирилган. Шундан сўнг, юклама билан ишлаётган 50 та трансформаторлар алмаштирилиши натижасида 351,2 МВА қувват захираси яратилади ва 500 мингга яқин истеъмолчининг хонадонидаги электр энергия таъминоти яхшиланади.
Дилмурод ТЎХТАЕВ.