Эҳтиёт бўлинг! Т-504

Бу сиз ўйлагандек, ўша машҳур фильмдаги танк русуми эмас, аммо унинг инсон ҳаётига хавфлилик даражаси танкдан қолишмайди. Бу трансформатор-504.

Бу Пахтачи тумани Сардоба маҳалласи аҳолисини узоқ йиллардан буён қийнаб келаётган муаммо. 1970 йилда ўрнатилган ушбу трансформатор ҳозир эскирган. Ҳар куни авария содир бўлади. Хавфлилик даражаси шундаки, ҳар куни электр энергияси узилаверганидан, тумандаги электр тармоқлари масъуллари аҳоли мурожаатларидан зада бўлиб, келмай қўйганидан фуқаролар трансформатордаги узилишни ҳаётларини хавфга қўйиб, ўзлари улашга ҳаракат қилишади ва айрим ҳолларда уддасидан ҳам чиқишади.

Қизиғи, кунора ўчаверганидан фуқаролар электр энергиясини улаш бўйича навбат ҳам қилиб олишган. Кечами-кундузми, ёмғирми-қорми фарқи йўқ, навбати келган хонадон соҳиби ҳаётини хавфга қўйиб, электр энергиясини улашга мажбур. Мутасаддилардан эса нажот йўқ. Трансформаторни таъмирлаш учун ҳар йили 5-6 марта аҳолининг ўзи маблағ йиғади. Эскини ямаб, эсинг кетади, дейишганидек, фойдаси йўқ.

Яқинда ушбу трансформаторни кабеллари куйиб кетганида аҳоли пул йиғиб, янгиларини қўйган эди. Орадан ҳеч қанча ўтмай яна электр энергиясиз қолишди.

Бугун эрта тонгдан «Трансформатор-504» атрофи яна фуқаролар билан тўлди. Сабаби, бир кун аввал электр энергиясида узилиш бўлган, кечгача Пахтачи тумани электр тармоқлари масъуллари фуқаролар бир неча марта мурожаат қилишларига қарамай кеч тушгандан кейингина улаб беришган. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай узилган ва аҳоли, мана, бир суткадирки, электр энергиясиз қолган. Туман электр тармоқлари масъуллари эса фуқаролар мурожаатини эътиборсиз қолдиргач, одамлар қаерга дардини айтишни билмай боши қотган.

Пахтачи туман ҳокимига мурожаат қилишдан фойда йўқ. Фуқароларнинг таъкидлашича, сайёр қабулларда бир неча марта, ёзма равишда эса икки-уч марта ҳокимга мурожаат қилишган. Фақат ваъдалар берилган, аммо узоқ йиллик муаммо ҳал этилмаган. Уларнинг айтишича, маҳалла раиси ҳам бу муаммодан хабардор, лекин уни ҳал этиш бўйича бирор чора-тадбир кўрмайди.

Пахтачи тумани масъуллари, электр тармоқлари бўлими мутахассислари бу масалага панжа орасида қараётгани учун айни вақтда ҳам фуқароларни ўзлари "ТПП-504"да электр энергиясини улашга ҳаракат қилишяпти. Ўзинг учун ўл етим, деганлари шу бўлса керак-да. Туман масъуллари қачонки инсон ҳаёти билан боғлиқ бир ҳалокат ёки бирор кор-ҳол юз бермагунча қўл қовуштириб ўтиради, шекилли.

Бир неча йиллардан буён аҳолини қийнаб келаётган масалани ҳал этишни зиммасига оладиган бирор масъул ташкилот борми? Туман ҳокимияти фақат эшитса-ю ҳал қилмаса, туман электр тармоқлари ташкилоти кўрса-ю эътиборсиз қолдирса, инсон қадри учун тамойили туманда шундай амалга ошириляптими?

Юртимизда «Янги Ўзбекистон» қуряпмиз-у, афсуки, Пахтачи тумани ҳокимлиги ёки тегишли масъул ташкилотлар бир эски трансформатор ўрнига янгисини қуришга, сардоба»ликлар муаммосини ҳал этишга кучи етмаяпти.

Ғолиб АБДУСАЛОМОВ, журналист