Zarnews.uz'га мурожаат: Трансформаторимиздан ўт чақнаб, ёнғин содир бўляпти – мутасаддилар эса бунга эътиборсиз

Қўшработ туманининг Қоратош маҳалласи, Шўрча қишлоғидан мурожаат қиляпман.

Қишлоқ аҳолиси хонадонларига электр энергияси узатувчи трансформатор қутиси эшиги шамолга очилиб, симларга тегиши туфайли ўт чиқяпти ва бот-бот ёнғин содир бўлмоқда. Оқибатда трансформатор теварак-атрофидаги хас-хашаклар, аҳоли томорқаларига тортилган сув насоси шлангларига зарар етяпти.

Ёнғинни ҳар сафар ўзимиз ўчиряпмиз. Туман электр тармоқлари корхонаси бошлиғи Х.Мавлонов ҳамда идоранинг диспетчерлик хизматига бир неча марта мурожаат қилдик. Лекин натижа бўлмаяпти. Улар Жўш подстанция бошлиғи А.Хидировга буюради, лекин бу кишим бошлиқнинг буйруғига бўйсунмайди.

Трансфарматор қутиси эшиги ҳамон очиқ ҳолда турибди. Ўзимиз ёпиб, маҳкамлаб ташлай, десак, жон ширин. Шамол тўрса, юрагимизни ҳовучлаб ўтирамиз.

Туман электр таъминоти корхонаси мутасаддилари ушбу трансформаторнинг бошқа бир кўнгилсиз воқеани содир этмаслигига кафолат бера оладимикан?

Маҳалла фуқаролари номидан Неъматулла МАТАЕВ.