Самарқанд шаҳрида 2 та трансформатор ёниб кетди: жабрланганлар йўқ (фото)

Бугун, 15 июль куни соат тахминан 13:00 дан 14:00 лар атрофида Самарқанд шаҳри Семурғ маҳалласи ҳудудида жойлашган 2 та 400 киловатга эга ГКТП ТП-720 трансформаторида ёнғин содир бўлди.

Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонаси томонидан тақдим қилинган маълумотларга кўра, ҳаво ҳароратининг кескин исиб кетиши, аҳоли хонадонларида совиткичлардан меъёридан ортиқ фойдалангани учун электр энергиясида ортиқча кучланиш содир бўлган. Оқибатда 7 та кўп қаватли уй ҳамда савдо мажмуаларини электр токи билан таъминлаб турувчи трансформаторда қисқа туташув рўй бериб, ёнғин келиб чиққан.

Ёнғинни ўчириш учун 2 та ёнғин ўчириш техникаси жалб қилинган. Воқеа жойига етиб борган ёнғин ўчириш жанговар бўлинмаларининг тезкор ҳаракатлари натижасида ёнғин тўлиқ бартараф этилган. Ёнғиндан жабрланганлар йўқ. Ҳудудда Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонаси ходимлари томонидан таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.

Zarnews.uz сайтига маълум қилинишича, бугун кеч соат 22:00 гача битта 400 киловатга эга трансформатор ишга туширилиши режалаштирилган.