Электр тармоқлари корхонаси ҳисобчиси ва собиқ муҳандиси 80,2 миллион сўм қарзни ёпиш учун 38 миллион сўм олган
Ҳолат Ургут туманида содир бўлган. Қарздорликни юзага келишига хусусий корхонанинг савдо дўконларидаги ҳисоблагичлардан рўйхатдан ўтказилмай фойдаланилгани сабаб бўлган.
Жорий йилнинг 12 июлида тизим ходимлари текширув ўтказиб, ноқонуний фойдаланилган электр оқибатида давлатга зарар келтирилганини аниқлашган.
Аввал электр ҳисоблагичларни рўйхатдан ўтказмасдан фойдаланишларини ўргатган электр тармоқлари корхонаси собиқ муҳандиси, бу гал корхона ҳисобчиси билан зарар миқдорини камайтириб беришни ваъда қилган.
Икковлон бунинг учун тадбиркорга орқа сана билан расмийлаштирилган сохта далолатнома бериб, 38 миллион сўмни қўлга киритган.
Фирибгарлик билан қўлга киритилган маблағ терговга қадар текширув давомида қайтарилган.
Хабар қилинишича, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Ургут туман бўлими томонидан аниқланган ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.