Олис қишлоқдаги “юлдуз”лар ёхуд вазир сўраган мусиқа мактаби
Яқинда Пахтачи туманидаги Қарнаб ота қишлоғида жойлашган 33-болалар мусиқа ва санъат мактабининг янги биноси фойдаланишга топширилди. Замонавий мебель жиҳозлари, янги мусиқа асбоблари билан таъминланди. Бу олис қишлоқнинг истеъдодли болалари учун керак эди, албатта.
- Баъзида, “Санъат ўзи нимага керак?” деган гап-сўзлар қулоққа чалинганда ҳайратга тушаман, - дейди мактаб директори Нафиса Шукурова. – Санъатни ўрганиш нафақат шу соҳани танлаганларга, балки барчага керак. Оддий ўзаро муомалада сўз танлаш ҳам аслида санъат. Биргина гапни етказишда кимнингдир кўнглини оғритиш ҳам, қувонч бахш этиш ҳам, руҳлантириш ҳам, ҳаётдан бездириш ҳам одамнинг дидига боғлиқ. Дидни эса санъат беради. Туғилганимиздан бошлаб, сўнгги кунимизгача санъат биз билан бирга. Мактабимизни ҳар йили ўнлаб болалар битиради. Уларнинг барчаси санъаткор бўлмас, аммо ўз йўлини топиб кетиши, халқ хизматига яраши, кенг дунёқарашли инсон бўлиши аниқ.
Мазкур муассаса 1979 йилда ташкил этилган. 2023 йилда 1,4 миллиард сўм маблағ эвазига мактабнинг янги биноси қурилиб, фойдаланишга топширилди. Хозирги кунда бу санъат мактабида 220 нафар бола 8 йўналишда таълим-тарбия олмоқда.
- Мактаб ташкил этилгандан бери фаолият кўрсатиб келаман, - дейди “Маданият ва санъат фидокори” кўкрак нишони соҳибаси София Йўлдошева. – Авваллари биномиз абгор ҳолатда эди. Стол-стуллар етишмасди, мусиқа асбоблари ҳам жуда эски эди. Янги мактаб қурилгач, барча шароитлар яратилди. Тўғрисини айтиш керак, бир пайтлар бу мактабга болаларни ота-оналаридан илтимос қилиб олиб келардик. Бугун улар ўзлари истаб келишяпти.
Шу йил 12 октябрь куни Маданият вазири Озодбек Назарбеков Самарқандга келганида бу мактаб учун мусиқа асбоблари тақдим этган, муассасадаги ишларни алоҳида эътироф этган эди.
- Озодбек Назарбековнинг биз билан бўлган учрашувида мактабимизга ташаккурнома ва янги мусиқа асбоблари берилди, - дейди Нафиса Шукурова. – Шу олис ҳудудлардаги мактаблардан ҳам республика ва халқаро танловларда ғолиб бўладиган истеъдодли ёшлар, етук мутахассислар яна кўпроқ етишиб чиқишига ишонч билдирилди. Бу ишончни оқлашга жамоамиз билан бирга сидқидилдан ҳаракат қиламиз.
Мактабда бўлсангиз ихчамгина бу масканда кўплаб митти “юлдузлар” тўпланганига гувоҳ бўласиз. Жонли ижродаги куй ва қўшиқлар сизни ҳайратга солади. Мактаб ўқувчилари ҳар йили вилоят ва республика кўрик-танловларида ғолиблар сафидан жой олиб келмоқда. Қашқар рубоби синфи ўқувчиси Алишер Баратов мусиқа ва санъат сирларини қунт билан ўрганиб, бир қатор муваффақиятларга эришиб келмоқда.
- 8 ёшимда таниқли санъаткор Озодбек Назарбековнинг қўшиқларини хиргойи қилиб юриб, бу ерда ўқиш истаги туғилганди, - дейди болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқувчиси Алишер Баратов. – Ота-онамга мен ҳам машҳур санъаткор бўлиб, катта саҳналарда минглаб мухлислар учун концертлар уюштириш орзусида эканлигимни айтдим ва улар мени шу мактабга ўқишга қўйди. Кўплаб танловларда қатнашиб, юқори ўринларни эгалладим.
Айни пайтда муассасада янги концерт зали ҳам барпо этилмоқда.
Тўлқин СИДДИҚОВ,
Фазлиддин РЎЗИБОЕВ.