Самарқанддаги моддий маданий мерос объектларининг ҳолати қандай?
Ҳозирда Ўзбекистон бўйича моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари 8208 та. Шундан археология ёдгорликлари сони 4748 та, архитектура ёдгорликлари сони 2250 та, монументал санъат ёдгорликлари 678 та, диққатга сазовор жойлар 532 та)ни Маданий мерос обидаларининг энг кўпи Самарқанд вилоятида (1607 та) бўлса, энг ками Сирдарё вилоятида (78 та).
- Кейинги йилларда моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, илмий ўрганиш, улардан оқилона фойдаланиш ва юртимизнинг сайёҳлик салоҳиятини оширишда уларнинг ўрни ва аҳамиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда, - дейди Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси бош муҳофизи Маҳмудхон Юнусов. - Жумладан, 2018 йилгача маданий меросга оид 2 та қонун ҳужжати амал қилган бўлса, 2018 йилдан соҳага доир 2 та қонун, 3 та Президент қарори ва фармони, 4 та Вазирлар Маҳкамаси қарори қабул қилинди ва бир қанча ижобий ўзгаришлар амалга оширилди.
Мазкур қонун ҳужжатлари асосида кейинги йилларда моддий маданий мерос объектларни келажак авлодга етказиш, авария ҳолатидаги ва таъмирталаб, йўқолиб кетиш хавфи мавжуд объектларни реставрация ва консервация қилиш, уларнинг муҳофаза ҳудудларини белгилаш, улардан фойдаланишда фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, тарихий объектларни сақлаб қолишда хориж тажрибасини амалиётда қўллаш каби муҳим тадбирлар амалга оширилмоқда.
Вилоятимизда бугунги кунда моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатига киритилган 1607 та маданий мерос объекти мавжуд. Шундан 1011 таси республика аҳамиятидаги 596 таси маҳаллий аҳамиятдаги объект ҳисобланади. Маданий мерос объектларининг 973 таси археологик, 564 таси архитектура, 34 таси диққатга сазовор жойлар, 36 таси монументал, 221 таси шахсий мулк шаклидаги тураржой биноларидир.
Самарқанд шаҳрининг тарихий маркази 1123 гектарни ташкил этиб, муҳофаза этиладиган зонаси 1369 гектардан иборат. 2001-йилда ЮНEСКО умумжаҳон мероси қўмитасининг Финландиянинг Хелсинки шаҳрида бўлиб ўтган 25-сессиясида тарихий марказ «Самарқанд – маданиятлар чорраҳаси» номи билан умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган.
2023 йил 10-25 сентябрь кунлари Саудия Арабистонининг Ар-Риёд шаҳрида ЮНEСКО умумжаҳон мероси қўмитасининг 45-сессияси бўлиб ўтди. Сессия давомида Буюк Ипак йўлининг Зарафшон - Қорақум йўлаги Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилди. Ўзбекистон «Буюк ипак йўлининг Зарафшон – Қорақум коридори» номинациясини тақдим этиш бўйича лойиҳа координатори сифатида иштирок этди. Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган «Ипак йўли Зарафшон-Қорақум йўлаги» уч давлатда жойлашган 31 та объектдан иборат. Булардан 9 таси Тожикистон, 15 таси Ўзбекистон ва қолганлари Туркманистон ҳудудида жойлашган. Мамлакатимиздаги 15 обиданинг 4 таси - Жартепа оташпарастлар ибодатхонаси, Сулаймонтепа, Кофирқалъа қўрғони, Добусия қўрғони вилоятимиз ҳудудида жойлашган.
Албатта, тизимда ютуқлар билан бирга ҳал этилиши керак бўлган муаммолар ҳам талайгина.
Биринчидан, «Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхати»ни қайтадан кўриб чиқиш ва зарур тузатишларни амалга ошириш лозим. Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатининг ҳукумат қарори даражасида тасдиқланиши катта воқеа бўлди. Бу ҳам мустақил бўлганимиздан кейин, орадан 28 йил ўтиб, 2019 йилда тасдиқланди. Бироқ рўйхатда жуда кўп чалкашликлар мавжуд. Бу эса рўйхат эълон қилинганидан кейин моддий маданий мерос объектларида олиб бориладиган ишларда қийинчиликларни келтириб чиқармоқда.
Хусусан, Самарқанд шаҳри Регистон кўчаси 3-“А” уйда жойлашган, миллий рўйхатга «Ўсматбой мадрасаси» номи киритилган мадраса аслида «Дўстматбой мадрасаси» (Дўстматбой Бахмал туманидаги Ўсмат шаҳарчасидан бўлган) тарзида киритилиши керак эди. Бундай хатоликлар археологик обидаларда жуда кўп учрайди. Қоратепа Қизилтепа, Қизилтепа Сариқтепа шаклида миллий рўйхатга киритилган. Мазкур археологик объектлар ўтган асрнинг 30 йилларидан бошлаб илмий муомалага киритилган ва кўплаб адабиётларда қайд этилган.
Миллий рўйхат шошма-шошарлик билан, объектларни жойига чиқиб кўздан кечирмасдан, ўтган асрнинг 30-50 йилларидаги рўйхатларга қараб тузилган ҳоллар ҳам мавжуд. Натижада аслида ўтган асрнинг 90 йилларига қадар йўқ бўлиб кетган археологик объектлар ҳам рўйхатга киритилган. Шу билан бирга, миллий рўйхатга киритилмасдан қолиб кетган моддий маданий мерос объектларининг сони ҳам дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 200 га яқинни ташкил этади. Уларни ҳам миллий рўйхатга киритиш ва шу орқали сақлаб қолиш зарур.
Иккинчидан, моддий маданий мерос объектларининг ягона электрон базаси шакллантирилмаганлиги ҳам катта муаммоларни юзага келтирмоқда. Дунё тажрибасида кўриладики, барча моддий маданий мерос объектларининг электрон базаси юритилади ва у барча учун очиқ. Ягона электрон базанинг юритилиши соҳада бажарилаётган ишларнинг шаффоф бўлишини таъминлайди ва жамоатчилик назоратини ҳам осонлаштирилади.
Учинчидан, моддий маданий мерос объектларини рақамлаштириш ва сақланиш ҳолати далолатномаларини тузиш зарур. Махсус фотодронлар ёрдамида ҳар бир объектнинг уч ўлчамли фотоси олинади. Ушбу фотога объектнинг жорий ҳолати ёзма равишда илова қилинади. Натижада моддий маданий мерос объектларини вақтинча сақлаб турган ташкилотлар, хусусий мулк эгалари, умуман жавобгар шахсларнинг масъулияти ошади. Вақти-вақти билан объектлар хатловдан ўтказилганда сақланиш ҳолати далолатномаларидаги фотоси ва тавсифи билан солиштирилади.
Тўртинчидан, моддий маданий мерос объектларининг кадастр ҳужжатларини шакллантириш ишларини охирига етказиш зарур. Айни вақтда Самарқанд вилоятида моддий маданий мерос объектларининг 90 фозидан ортиғи (1467 та) ўз кадастр паспортига эга.
Бешинчидан, моддий маданий мерос объектларининг барчасида муҳофаза белгилари ўрнатиш, атрофини ўраш керак. Бу айниқса, археологик объектларга тааллуқлидир. Айни вақтгача вилоятдаги моддий маданий мерос обидаларининг ярмида муҳофаза белгилари ўрнатилган, холос.
Олтинчидан, вилоятимиздаги мавжуд 1607 та моддий маданий мерос объектларидан 130 таси йўқолиб кетиш хавфи остида турибди. Тез фурсатда мазкур объектларнинг бирламчи консервация ишларини амалга ошириш лозим.
Еттинчидан, вилоятимиздаги 60 га яқин археология мероси объектлари ҳалигача қабристон сифатида ишлатилмоқда. Бу эса мазкур объектлардаги юқори маданий қатламларнинг йўқ бўлиб кетишига, олимларнинг эса нотўғри илмий хулосаларига сабаб бўлади. Қабристонлар учун алоҳида жой ажратиб, археологик тепаликлар қабристон сифатида фойдаланишни тўхтатиш лозим.
Моддий маданий мерос объектларини рақамлаштириш, миллий рўйхатга тузатишлар киритиш, ягона электрон базасини юритиш ишлари кенг жамоатчилик, олим ва мутахасислар иштирокида амалга оширилиши лозим. Шу билан бирга, мазкур жараёнларга хорижий ва маҳаллий грант маблағларини жалб этиш яхши самара беради.
Моддий маданий мерос объектларини сақлаш билан боғлиқ ишлар молиявий кўмаксиз бўлмайди албатта. Кейинги йилларда ҳукуматимиз томонидан мазкур соҳага ажратилаётган маблағ йилдан-йилга ўсиб бормоқда. Бунга маҳаллий ҳокимликлар ҳам ўз ҳиссасини қўшса, соҳадаги муаммолар анча камайган бўлар эди.