Самарқанддаги насос станциялари Германия компанияси билан ҳамкорликда қайта жиҳозланади
Вилоят ҳудудидаги насос станциялари ва энергетика бошқармаси балансида 94 та насос станцияси мавжуд бўлиб, уларда 376 та двигатель ва насос ўрнатилган. Йиллик сарфланадиган электр энергия истеъмоли 191 миллион кВт ёки 85 миллиард сўмни ташкил этади.
Вилоят молия бошқармасида ўтказилган матбуот анжуманида қайд этилишича, бюджет маблағларидан оқилона фойдаланиш ҳамда иқтисод қилиш мақсадида 2021 йил тажриба сифатида, Самарқанд туманида жойлашган “Гулистон-1” ва “Гулистон-2” насос станцияларида Германиянинг “Grundfos Pompa San” компанияси билан ҳамкорликда 271,1 минг еврога электр тежамкор 2 та насос станцияси ўрнатилади.
Ушбу насос станциялари учун кейинги 2 йилда 7,2 миллион кВт ёки 3 миллиард 248 миллион сўмлик электр энергияси сарфланган. “Grundfos Pompa San” компанияси томонидан ўрнатилиши кўзда тутилаётган двигател ва насослар электр энергияси сарфини камида 50 фоизга камайтиради. Бу бир йилда ўртача 812 миллион сўм маблағ иқтисод қилинади, дегани.