Янгиланган сув оқова тизимидан 80 минг аҳоли фойдаланмоқда
Вилоят уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармасида Бутунжаҳон банки билан ҳамкорликда «Бухоро ва Самарқанд шаҳарларида тозалаш иншоотлари ва канализация тизимларини реконструкция қилиш» лойиҳаси қурилиши якунига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Жаҳон банки томонидан 5 287 АҚШ доллари миқдорида ажратилган маблағлар ҳисобидан 2016-2021 йилларда Самарқанд шаҳрида сув тозалаш тизимини янгилаш ва реконструкция қилиш ишлари олиб борилди.
Жумладан, Фарҳод шаҳарчасидаги қуввати 3 минг метр куб бўлган оқова сув тозалаш иншооти тўлиқ реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилди. Жами 93,2 километр оқова тармоқлари қурилиб, таъмирланди. Шунингдек, Самарқанд тумани Захлик қишлоғидаги оқова сув тозалаш иншооти ва 5 та оқова сув насос станциялари қурилиб ишга туширилиши натижасида 80 мингдан зиёд аҳоли сув оқова тизимидан фойдаланмоқда.
Лойиҳа тақдимотида Бутунжаҳон банкининг Ўзбекистондаги офисининг лойиҳалар билан ишлаш гуруҳи вакили Хайри ал-Жамал бошчилигидаги гуруҳ аъзолари ҳам иштирок этиб, фойдаланишга топширилган оқова сув иншоотлари жаҳонда етакчи компанияларнинг муҳандислари билан ҳамкорликда олиб борилганлигига тўхталди. У иншоотлар фаолияти ва тозаланган оқова сув сифати талаб даражасида эканини таъкидлади.
Таъкидланишича, Самарқанд туманидаги Захлик қишлоғидаги оқова сув тозалаш иншооти тўлиқ халқаро стандартларга жавоб берувчи «А» тоифага эга бўлиб, тозаланган сувнинг сифати ҳатто Марказий Осиё давлатларига ҳам намуна бўладиган даражада. Бугун барча мамлакатларда бўлгани каби вилоятимизда ҳам сув танқислиги мавжудлигини эътиборга оладиган бўлсак, тозаланган сувлардан қишлоқ хўжалигида, саноат, иқтисодиётнинг бошқа қатор соҳаларида ҳам фойдаланиш мумкин.
- Беш йил давомида Самарқандда бир неча сув тозалаш иншоотлари реконструкция қилиниб, янги тармоқлар қурилди, - дейди Бутунжаҳон банкининг Ўзбекистондаги офисининг сув таъминоти ва окова сувларини тозалаш ишлари бўйича етакчи мутахассиси Хайри ал-Жамал. - Эндиликда бир кеча-кундузда 140 минг метр куб оқова сувни тозалаш имконига эга бўлган иншоотлар 500 мингга яқин аҳолига хизмат кўрсатиши мумкин. Келажакда Самарқандда яна янги лойиҳаларни амалга оширишни режалаштирганмиз. Тез орада Каттақўрғон шаҳрида ҳам сув тозалаш иншоотлари ва станциялари, шунингдек, оқова сув тармоқларини янгилаб, реконструкция ишларини бошлаймиз.
Халқаро лойиҳа вакиллари Самарқанд туманидаги Захлик қишлоғидаги реконструкция қилинган сув тозалаш иншоотида ҳам бўлиб унинг фаолияти билан яқиндан танишдилар.
Дилмурод Тўхтаев.
***
Б.Мустанов олган суратлар.