Самарқандда 158 та кўп қаватли уй таъмирланди

Вилоят уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармасида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун матбуот анжумани ўтказилди. Унда бошқарма бошлиғи Б.Негматов 2020 йилда соҳада амалга оширилган ишлар, келгусидаги вазифалар ҳақида маълумот берди.

- Вилоятдаги мавжуд кўп қаватли уйларни 2020-2021 йиллар куз-қиш мавсумига тайёрлаш мақсадида 1640 миллион сўм кредит маблағлари ажратилиб, шулардан 158 та уйда таъмирлаш ишлари амалга оширилди, - деди Б.Негматов. - Натижада, уйларнинг 18 минг метр квадрат том қисми, 219 та кириш йўлаги таъмирланди, 169 та кириш эшиклари ўрнатилди. 60 та кўп қаватли уйларнинг муҳандислик коммуникациялари, 107 та уйнинг фасад қисми таъмирдан чиқарилди. 210 метр ирригация тармоқлари таъмирланди ва 1,3 минг метр квадрат уй атрофи ободонлаштирилиб, бетон билан қопланди.

Бундан ташқари, 8,2  миллиард сўм маблағ эвазига Самарқанд шаҳридаги туристик маршрутда жойлашган 26 та кўп қаватли уй таъмирланди. Вилоят ҳамда шаҳар ва туманлар маҳаллий бюджети маблағлари ҳисобидан 151 та кўп қаватли уйларда таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилди.

Жумладан, Самарқанд шаҳрида 59 та, Нуробод туманида 48 та, Самарқанд туманида 17 та, Оқдарё ва Пайариқда 9 тадан, Пахтачида 6 та, Каттақўрғон туманида 2 та кўп қаватли уйлар маҳаллий бюджет маблағлари ҳамда ҳомийлар ҳисобидан таъмирланди ва уй атрофлари ободонлаштирилди.

Бугунги кунда вилоятда 5 та марказий, 9 та маҳаллий қозонхона мавжуд. Шулардан 9 таси носоз ҳолатда. Қозонхоналардаги жами 59 та қозоннинг 26 таси ишчи ҳолатда, 33 таси эскирган.

Мавжуд 131,8 километр узунликдаги иссиқлик тармоқларининг 40,8 километр қисми соз, 91 километр  узунликдаги иссиқлик тармоқлари яроқлилик муддати ўтган ва фойдаланиб бўлмайди. Бугунги кунда Самарқанд ва Нуробод шаҳарларидаги 146 та кўп квартирали уйларга иссиқлик энергияси етказиб берилмоқда.

Шунингдек, матбуот анжумани доирасида “Самарқанд сув таъминот” масъулияти чекланган жамиятига пресс-тур ташкил этилди. Пресс-турда жамият раҳбари К.Юсупов оммавий ахборот воситалари вакилларига вилоят аҳолисини ичимлик сув билан таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар ва келгуси йилдаги режалари хусусида маълумот берди.

Журналистлар шунингдек, "Мўлиён" сув тақсимлаш иншооти фаолияти билан танишди.