Самарқанддаги шифохонада мураккаб жарроҳлик амалиёти ўтказилди

Яқинда бирлашма шифокорлари томонидан Нуробод тумани Жом қишлоғида ташкил этилган кенг қамровли тиббий кўрикда Гирдиқўрғон маҳалласида истиқомат қилувчи 18 ёшли Мунира Ҳасановада юмшоқ танглайнинг чегараланган туғма кемтиклиги нуқсони борлиги аниқланди. Шифокор Мурод Эгамбердиев беморда зудлик билан жарроҳлик амалиёти ўтказиш зарурлигини тайинлаб, шифохонага йўлланма берди.

Мунира шаҳар марказий шифохонасида тўлиқ клиник кўрикдан ўтказилиб, велопластика амалиёти қўлланилди. Бу ишни тажрибали шифокорлар Д.Ибрагимов ҳамда ассистент А.Аҳроров амалга оширди.

– Бу каби туғма нуқсонларни одатда беморлар ёшлик пайтида даволаш зарур, – дейди Самарқанд давлат тиббиёт институти юз-жағ жарроҳлиги кафедраси ўқитувчиси Даврон Ибрагимов. – Турли сабаблар туфайли М.Ҳасановада бу иш амалга ошмай қолган. Натижада у тўлақонли гапира олмаган. Энди бу камчилик бартараф этилди.

– Шунча йилдан бери одамлар билан суҳбатлашишда қийналиб келдим, – дейди Мунира Ҳасанова. – Ўз фикримни тўлиқ баён қила олмасдим. Нуқсоним ҳатто овқатланишимга ҳам халақит берарди. Бизларга бепул ташхис қўйиб, даволаниш имкониятини яратиб берган инсонлардан, шифокорлардан миннатдорман.

Дилмурод ТЎХТАЕВ.