Самарқанддаги туризм марказининг АКТ тизимларида муаммолар йўқми?

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шерзод Шерматов Самарқанд шаҳрида ташкил этилаётган туризм марказида телекоммуникация инфратузилмасини ташкил этиш бўйича олиб борилаётган ишлар билан танишди.

Самарқанд туризм маркази ҳудуди мобил алоқа ва мобил интернет хизматлари билан қамраб олиниб, ҳозирга қадар шу мақсадда 35 метрли 4 та антенна-мачта иншоотлари ўрнатилди.

Қурилаётган марказ туристик хабга айланиб, бу ерда халқаро анжуманлар ўтказиш учун ҳам кенг шароит яратилади.

Аҳоли ва меҳмонларга қулайлик яратиш учун марказда ахборот коммуникация ва рақамли технологияларни кенг жорий этиш доирасида АКТ вазирлиги томонидан қатор ишлар амалга ошириляпти. Жумладан, объектлар юқори тезликдаги узлуксиз интернет ва тўғридан-тўғри халқаро телефон алоқаси билан таъминланди. Шу билан бирга, Самарқанд туризм марказигача бўлган 5 километр масофада алоқа тармоқларини қуриш ишлари бажарилди.

Марказ компьютер ва нусха кўчириш ускуналари, проекторлар ва экранлар, шунингдек, зарур бошқа махсус ускуналар, оммавий ахборот воситалари вакиллари учун компьютерлар, Wi-Fi ва бошқа замонавий ахборот-коммуникация технологиялари билан жиҳозланган. Шунингдек, Самарқанд шаҳрида 42,8 километр алоқа линияларини қуриш ва реконструкция қилиш ишлари тўлиқ якунланган.

Вазир ҳудудда қурилаётган кўп қаватли биноларнинг ички қисмини мобил алоқа ва мобил интернет хизматлари билан қамраб олиш бўйича Active DAC технологиясидаги ички кам қувватли мобил алоқа база станцияларини монтаж қилиш бўйича олиб борилаётган ишлар, шунингдек, ҳудуддаги йиғилишлар залида ташкил этилган сервер хоналари, «Хавфсиз шаҳар» йўналиши бўйича ташкил этилаётган вазиятлар маркази (situation center) биносининг қурилишида олиб борилаётган ишлар билан танишди.

Вазирлик Самарқанд туризм марказида телекоммуникация инфратузилмаси ва АКТ тизимларини ишга тушириш ишларини сифатли якунлаш бўйича ишчи гуруҳ ташкил этди.

Шунингдек, АКТ вазири Ш.Шерматов мазкур туризм марказида 5G тармоғи синовдан ўтказилаётганини таъкидлади.

Марказда 24-27 октябрь кунлари Ахборот-коммуникация технологиялари ҳафталигини ўтказиш режалаштирилган.