Самарқанддаги хонадонлардан бирида катта ўғирлик содир этган шахслар қўлга олинди
20 май куни С.С. ва А.Р.лар жиноий тил бириктириб, таниши - Самарқанд шаҳар Жомбой кўчасида яшовчи 22 ёшли М.Н.нинг яшаш уйига ўғриликка тушди.
ИИВ ҳузуридаги Тергов департаментининг маълум қилишича, жиноятчилар уйда кўп миқдорда тилла тақинчоқлар ва пуллар борлигини ҳамда уй эгаси М.Н. ва унинг оила аъзолари 2020 йил 20 май куни соат 14:00 дан 18:00 га қадар уйида бўлмасликлари тўғрисида маълумотга эга бўлган. Улар шу куни соат 15:00 да уйга калит танлаш йўли билан ғайриқонуний равишда кириб, 148.440.000 сўмлик турли хилдаги тилла тақинчоқлар ва 3.100 АҚШ доллари нақд пулларни яширин равишда талон-торож қилган ва М.Н.га умумий 179.841.636 сўмлик моддий зарар етказиб, ҳодиса жойидан яширинган.
Ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 169-моддаси 4-қисми “а” банди (жуда кўп миқдордаги ўғирлик) билан жиноят иши қўзғатилган. А.Р.га тегишли моддалар билан айб эълон қилиниб, “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. С.С.ни қўлга олиш ва терговга келтириш чоралари кўрилмоқда. Дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Шунингдек, ИИВ фуқароларга уйдаги моддий бойликларни асраб-авайлашни, уйда ҳеч ким йўқлигидан бошқаларнинг хабари бўлмаслигини таъминлашни, дераза ромларига темир панжаралар ўрнатишни, эшиклар қулфланганлигига алоҳида эътибор қаратишни ҳамда имкон борича қўриқлаш пультларига уланишни тавсия қилди.
Эслатма, ЖКнинг 169-моддаси 4-қисми “а” банди, “ўғрилик, яъни ўзганинг жуда кўп миқдордаги мол-мулкини яширин равишда талон-торож қилиш 8 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.