Самарқандлик болалар Худойберди Тўхтабоев хонадонида бўлди

Самарқанд шаҳридаги 59-кўзи ожиз болалар учун ихтисослаштирилган давлат таълим муассасаси болалари учун Тошкентга саёҳат уюштирилди.
- Ҳомийлар кўмагида 15 нафар кўзи ожиз ўқувчиларимни саёҳатга олиб бордим, - деди тарбиячи, халқ таълими аълочиси Ойсаҳат Холиқова. – Улар Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасида бўлишди. Тошкент ситининг гўзал бинолари, истироҳат боғларини айланди. Асосийси, Худойберди Тўхтабоевнинг хонадонида бўлдик. Устоз билан суҳбат қурдик. Болалар улкан таассуротлар билан саёҳатдан қайтди. Уларни озгина хурсанд қилганимиздан бениҳоя қувондик.
Ойсаҳат опа болаларни жуда яхши кўради. Ўқувчиларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш мақсадида уларга ҳар куни дарсдан кейин бадиий китоблар ўқиб беради. Болалар учун синф кутубхонаси ташкил қилган. Яқинда ҳомий топиб, янги китоб жавони ясатди. Ушбу китоб жавонини янги бадиий адабиётлар билан тўлдиришни мақсад қилган опадан ўрнак олсак арзийди.