Самарқандлик фермерлар Сирдарёнинг хорижлик пахта етиштирувчиларидан қандай тажрибаларни ўрганди?
Самарқанд вилоятида фаолият юритаётган қишлоқ хўжалиги ходимлари, хусусан, вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармасининг пахтачилик билан шуғулланувчи мутахассислари, пахтачилик кластерлари раҳбарлари, фермерлар ўзаро тажриба алмашиш мақсадида Сирдарё туманида бўлди.
Вилоят ҳокимининг ўринбосари Ш.Худойбердиев бош бўлган самарқандлик аграр соҳа ходимлари дастлаб тумандаги "PENG SHENG" Ўзбекистон-Хитой қўшма корхонасида ишлаб чиқарилаётган ва қайта ишланаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан танишди. Хусусан, қўшма корхона тасарруфидаги хўжаликда бўлиб, бу ерда чигит экилиши вақтида сеялкаларнинг ерга томчилатиб суғориш технология ва ускуналарини қандай ерга жойлаштиргани, бу усулнинг сув ресурслари ва ғўза қатор ораларига ишлов беришдаги тежамкорлиги, кам харажат қилиб, кўп фойда олиш жараёнларини кузатишди.
- Пахта кластери раҳбар ва мутахассислари, фермерларимиз ушбу усулнинг ҳар томонлама фойдали эканлигига гувоҳ бўлишди, - дейди вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиғи С.Ҳакимов. – Бу усулда экилган майдонлардаги ғўзанинг ҳолати бошқа майдонлардагига қараганда анча бўлиқ. Яъни, ғўза шохлари кўп, кўсаклар катта, ҳосилдор ва эртапишар экани яққол кўриниб турибди. Келгуси йилда вилоятимизнинг пахта етиштирилаётган барча туманларидаги маълум майдонларда шу усулда ғўза етиштиришни йўлга қўямиз.