Самарқандлик педагоглар карантин даврида ҳам халқаро баҳолаш дастурларига тайёргарлик кўрмоқда
Умумтаълим мактабларида халқаро баҳолаш дастурларига тайёргарлик кўриш бўйича ҳали кўп ишлар амалга оширилиши, ўқитувчиларнинг малака ва тажрибаси мустаҳкамланиб, ўқувчи-ёшларда пухта билим ва кўникмаларни шакллантириш бўйича изланишлар олиб борилиши лозим.
Самарқанд шаҳридаги умумтаълим мактаблари учун 1-ИДУМ, 14- ҳамда 21-умумтаълим мактаблари таянч мактаб сифатида белгиланган бўлиб, уларда 21 нафар тренер ўқитувчилар халқаро баҳолаш дастурига тайёргарлик кўриш бўйича педагогларга методик тавсиялар бериб келмоқда. Ҳозирги кунда ўқитувчиларнинг сифат таркибини шакллантириш билан бирга, PISA халқаро тадқиқотларида иштирок этадиган 5817 нафар ўқувчининг рўйхати белгиланган талаб асосида тузиб чиқилган.
Эътиборга молик жиҳати шундаки, юртимизда пандемия шароити ҳукм суриб турган, ўқув йили якунланган айни кунларда ҳам ҳар бир таянч мактаблари томонидан кимё, биология, география, математика, физика, она тили ва рус тили фанларидан ZOOM дастуридан фойдаланган ҳолда онлайн семинарлар мунтазам ўтказилиб келинмоқда. Бунда фан ўқитувчилари ўз мутахассислиги доирасида халқаро баҳолаш дастурларига мувофиқ ўқувчиларга билим бериш, уларни баҳолаш, фанлар бўйича компетенцияларини шакллантириш бўйича тажриба алмашиб келмоқда.
Яқинда ўтказилган ана шундай онлайн семинар давомида умумтаълим мактабларининг фан ўқитувчилари фаол иштирок этиб, малака ва тажрибаларини алмашишди. Самарқанд шаҳар халқ таълими бўлими томонидан ана шундай маҳорат дарсларида ўзининг педагогик малака ва тажрибасини ўқитувчиларга ўргатиб, уларнинг бу борадаги тажрибаларини мустаҳкамлаш бўйича муносиб ҳиссасини қўшиб келаётган тренер ўқитувчиларга фахрий ёрлиқлар топширилди.
Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати.