Самарқандлик пиллакорлар учун кўргазмали семинар ташкил этилди
Самарқанд шаҳрида жойлашган “Samarqand Tian Zhu Silk Worm” қўшма корхонасида пиллакорлар ва соҳа мутахассислари учун кўргазмали семинар ташкил этилди, деб хабар бермоқда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати.
Тадбирда туман қишлоқ хўжалиги бўлимлари, пиллани қайта ишлаш корхоналари, “Агропилла” МЧЖ вакиллари, лаборатория ходимлари, агрономлар ҳамда илғор пиллакорлардан иборат 150 нафар иштирокчилар қатнашди.
Семинарда сифатли пилла етиштиришда кўплаб омиллар қатори ипак қуртига озуқа етказиб бериш алоҳида аҳамиятга эгалиги, бу борада вилоятда пиллачилик корхоналарини молиявий соғломлаштириш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, сифатли ва мўл пилла етиштиришни ташкил этиш, маҳаллий тут, ипак қурти уруғини тайёрлаш бўйича муайян ишлар амалга ошириш зарурлиги таъкидланди. Илғор пиллакорлар фаолиятига оид мисоллар келтирилиб, пиллачиликнинг озуқа базасини жадал ривожлантириш, ипак қурти парваришлаш ва пилла етиштириш, пиллани қайта ишлаш жараёнларини такомиллаштириш борасидаги долзарб вазифалар тушунтириб берилди.
Семинар якунида иштирокчилар “Samarqand Tian Zhu Silk Worm” қўшма корхонаси фаолияти билан яқиндан танишди.