Самарқандлик сайловчилар депутат билан келган масъулнинг жавобидан қониқмади
Масъуллар шунингдек, бетон устунлар етказиб берувчи корхонадан шаҳар электр тармоқлари корхонаси 7 миллиард сўм қарздорлиги маълум қилинди.
Бу воқелик халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Азиз Ахроровнинг Самарқанд шаҳридаги Сўзангарон, Абдулла Қаҳҳор, Ғофур Ғулом ва Боғи Феруза маҳалласи сайловчилари билан учрашувда кузатилди.
Мулоқотда шаҳар электр тармоқлари корхонаси, газ таъминоти бўлими, ободонлаштириш бошқармаси, “Сувоқова” ДУК филиали ҳамда ИИОФМБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлими ходимлари ҳам иштирок этди.
Самарқанд шаҳар 3-туғруқҳона ёнидаги Андижон ва Амир Шоҳмурод кўчалари кесишмасига светофор ўрнатиш юзасидан қилинган мурожаатга ИИОФМБ ЙҲХБ бошлиғи ўринбосари Азамат Набиев бу иш келгуси йил 2-чорагига қадар амалга оширилиши белгиланганлигини маълум қилди.
Ғафур Ғулом маҳалласи ҳудудидаги яроқсиз ҳолатга келган 170 та симёғочни бетон устунларга алмаштириш масаласи бўйича шаҳар электр тармоқлари корхонаси ходими Холбой Холматов қуйидагича изоҳ берди:
- Самарқанд шаҳрида бундай устунлар Қашқадарё вилоятидан олиб келинади. Бугунги кунда таъминотчи корхонадан 7 миллиард сўм қарздорлик юзага келган. Самарқанд шаҳрининг Хишрав қўрғонида бетон симёғочлар ишлаб чиқариш заводини ишга тушириш режалаштирилган. Завод ишга тушса, муаммолар ўз ечимини топади.
Газ босимининг пастлигидан қилинган шикоятга шаҳар газтаъминоти бўлими ходими Ғофур Юлдошев томонидан берилган жавобдан аҳоли ва депутат қониқмади.
Яна бир мурожаатда билдирилишича, Абдулла Қаҳҳор маҳалласининг Ҳамза кўчасида сув йўли хусусий корхона томонидан сунъий равишда тўсиб қўйилганлиги ҳамда ирригация тизими ариқ ва қувурлари турли чиқиндилар билан тўлиб қолиши оқибатида ёғингарчилик мавсумларида ўнлаб хонадонларни сув босади. Ушбу масала депутат томонидан маҳалла фаоллари, шаҳар ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Анвар Саидов иштирокида жойига чиқиб ўрганилди.
Учрашувда сайловчилар томонидан кўтарилган барча муаммолар юзасидан мутасадди ташкилотларга депутатлик сўрови юборилиб, ижроси назоратга олинадиган бўлди.
O‘zLiDeP вилоят кенгаши ахборот хизмати.