Самарқандлик талабалар Германияда амалиёт ўтамоқда

Бугунги кунда назарий билимларини амалиётда қўллай оладиган халқаро тажрибаларга эга мутахассисларга ишлаб чиқаришда талаб ортиб бормоқда.

Шу жиҳатдан Самарқанд агроинновациялар ва тадқиқотлар институтида талабаларни ёзги таътил даврида замонавий ишлаб чиқариш жараёнлари ва илғор технологияларни самарали қўллаётган ривожланган мамлакатларга амалиётга юбориш бўйича Германия, Буюк Британия, Польша каби давлатларнинг йирик корхона ва ташкилотлари билан шартномалар имзоланган. Бугунги кунда институтнинг 200 га яқин талабаси Германия, Буюк Британия давлатларида ёзги амалиётни ўтамоқда. Ҳамкорлик шартномаларига асосан, талабаларга амалиёт даврида бажарган ишларига ушбу давлатларнинг меҳнат қонунчилиги асосида ҳақ тўланмоқда.

Яқинда институт масъул ходимлари Германиянинг “Schneiders Obsthof GmbH”, “Herrmann Kräuter GmbH”, “Schlereth Biogemuseland GmbH” va “Benedikt Ley GmbH” компанияларига бориб, талабаларнинг амалиёт жараёнлари, уларга яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишди.

Жумладан, Backstube Wunsche компаниясида 74 нафар талабанинг ишлаб чиқариш амалиёти жараёнлари ўрганилди. Хўжаликда талабалар учун яратилган шароитлар, талабалар ётоқ жойлари, ундаги қулайликлар билан танишди. Шу билан бирга, талабаларнинг соғлиғи, амалиёт жараёнида ўрганаётган тажрибаси тўғрисида фикрлари тингланди. Хўжалик асосан кўкат, сабазавотлар етиштиришга ихтисослашган бўлиб, талабаларнинг дала амалиётига бориб-келиши учун махсус транспортлар ажратилган. Дала амалиёти жараёнида кийиш учун махсус кийимлар билан таъминланган. Бундан ташқари, талабаларнинг саёҳат қилишлари учун алоҳида микроавтобус ажратилган бўлиб, дам олиш кунлари улар шаҳарнинг диққатга сазовор жойлар билан танишмоқда.

Талабалар амалиёт ўтаётган корхоналардан яна бири Германиянинг шимолида жойлашган “Benedikt Ley” компанияси бўлиб, ушбу корхона дунё бозорида талаб юқори бўлган органик қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштиришга ихтисослашган. Корхонада турли органик дон, сабзи, қанд лавлаги, пиёз ва бошқа турдаги сабзавот экинларини етиштирилади. Компанияда талабалар амалиёти учун барча шароитлар яратилган: улар хўжаликда замонавий техникалардан фойдаланиш, рақамлаштирилган техникаларнинг дастурий таъминоти билан танишиш ва амалиётда қўллаш, бегона ўтларга қарши курашиш чоралари ва органик маҳсулотларни етиштириш учун халқаро тажрибаларни ўрганмоқда. Талабалар ётоқ жойларида алоҳида шинам ошхона, овқатланиш ва ювиниш хоналари бўлиб, тозалик ва гигиена талаблари таъминланган. Талабалар билан суҳбатда улар давлатимиз томонидан, қолаверса, институт томонидан яратиб берилган бундай имкониятдан хурсандлигини айтишди.

Халқаро даражадаги илм-фан ютуқларини мукаммал ўзлаштирган ва уни соҳага қўллай оладиган кадрлар барча соҳада бўлгани каби қишлоқ хўжалиги тараққиётида ҳам ўз самарасини беради, деган фикрдамиз. Зеро, Юртбошимиз таъкидлаганидек, “Қишлоқ хўжалигини илмий асосда йўлга қўймас эканмиз, соҳада ривожланиш бўлмайди”.

Ҳусниддин ХОНҚУЛОВ,

Самарқанд агроинновациялар ва тадқиқотлар

институти проректори, доцент.