Самарқанднинг биродар шаҳарлари ҳақида нималарни биласиз?
Самарқандда ушбу шаҳарнинг халқаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, халқ дипломатиясида ёшларнинг иштирокини кенгайтириш ҳамда биродар шаҳарлар ўртасидаги тажриба алмашинувини ривожлантириш масалаларига бағишланган навбатдаги мулоқот майдони ташкил этилди.
Шу муносабат билан «Ипак йўли» туризм ва маданий мерос халқаро университетида «Самарқанд – биродар шаҳарлар ёшлари ва ОАВ вакиллари мулоқот майдони» мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
“Биродар шаҳарлар алянси” республика ташкилоти томонидан ўтказилган тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, талаба-ёшлар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Айтиш керакки, ҳозирги кунда Самарқанд 30 ортиқ хорижий давлатлар билан биродарлик алоқаларини ўрнатган. Давра суҳбатида алянснинг асосий мақсад ва вазифалари, амалга оширилаётган лойиҳалар ҳамда режалар ҳақида маълумот берилди. Шунингдек, талаба-ёшлар томонидан биродар шаҳарлар мавзусида тайёрланган тақдимотлар намойиш этилди.
- Асосий мақсадимиз Самарқанд шаҳрининг хорижий мамлакатлар билан биродар бўлган шаҳарлар тажрибасини ўрганиш ва кенг тарғиб қилиш, - дейди альянс раҳбари Зокир Абилов. – Шунингдек, бугунги глобал жараёнларда халқ дипломатияси орқали шаҳарлар ўртасидаги биродарлик алоқаларини ривожлантириш ва бу алоқаларга ёшларни жалб этишни режалаштирганмиз. Шу мақсадда олий таълим муассасалари талабалари ўртасида “Сиз Самарқанднинг биродар шаҳарларини биласизми?” каби танловларни кенг миқёсда ўтказдик. «Ипак йўли» туризм халқаро университети ҳамда “Биродар шаҳарлар алянси” ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Мазкур ҳужжат таълим, халқаро ҳамкорликни янада кенгайтиришга хизмат қилади.
Тадбирда йил давомида ўтказилган танловларнинг ғолиблари тақдирланди, “Биродар шаҳарлар” ёшлар клуби аъзолари чиқишлари намойиш этилди.
Муниса Шамсиева.