СамАТИ талабалари Хитойда таълим олмоқда

Жорий йилнинг сентябрь ойи бошида Самарқанд агроинновациялар ва тадқиқотлар институтининг 17 нафар иқтидорли талабаси Хитойнинг Шинжон Қишлоқ хўжалиги университетига бир йиллик алмашинув дастури доирасида таҳсил олиш учун юборилди. Ушбу дастур талабаларга хорижий тажрибани ўрганиш, тил кўникмаларини ривожлантириш ва халқаро илмий ҳамкорликни мустаҳкамлаш имконини бермоқда.
Талабаларнинг дастлабки таассуротлари илиқ бўлиб, улар янги таълим муҳитидан мамнун эканликларини билдиришмоқда. Масалан, улардан бири Салоҳиддин Искандаров Урумчининг маданияти, қадриятлари ва миллий таомлари уни ўзига жалб қилганини, хитой тилини мукаммал ўрганиш келажакдаги мақсадлари учун муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади. Ҳасан Якубов ва Диёр Боротов эса университетдаги қатъий тартиб-интизом, спорт ва кутубхонадан фойдаланиш имкониятлари, шунингдек, дарсларнинг мунтазамлигини юқори баҳолашди. Илҳомбек Саидов эса устозлар дарсларни бир вақтнинг ўзида рус ва инглиз тилларида олиб боришлари ўқув жараёни самарадорлигини ошираётганини айтиб ўтди.
Дарс жараёни ҳафтасига 5 кун давом этиб, талабалар кунига 4–6 соат дарсларда қатнашмоқда. Бундан ташқари, улар бўш вақтларида спорт билан шуғулланмоқда, турли давлатлардан келган тенгдошлари билан мулоқот қиляпти ҳамда маҳаллий маданиятни яқиндан ўрганмоқда.
Самарқанд агроинновациялар ва тадқиқотлар институти мазкур алмашинув дастури орқали талабаларга халқаро миқёсда тажриба орттириш, тил ва касбий кўникмаларни ривожлантириш ҳамда Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги илм-фан ва таълим соҳасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашни мақсад қилган.
Хуршида Эрназарова.