СамДЧТИ Саудия Aрабистони университетлари билан ҳамкорлик қилади

Бугун Самарқанд давлат чет тиллар институтига Саудия Aрабистонининг Ўзбекистондаги элчиси биринчи ноиби Сулаймон ал-Фрих ташриф буюрди.
Ташриф доирасида меҳмон институт ректори И.Тўхтасинов, Миср Aраб Республикасидан келиб, институтда кўп йиллардан буён араб тили мутахассиси сифатида фаолият кўрсатиб келаётган Ҳашем Эсмаел Ҳаммам Aли билан учрашди.
СамДЧТИ ҳамда олийгоҳ академик лицейида араб тили йўналиши ташкил этилган бўлиб, институтда айни пайтда 101 нафар бакалавр ва 12 нафар магистрант таҳсил олиш билан бирга, сиёсий ва оммавий тадбирларда таржимон-волонтёр сифатида иштирок этиб келмоқда.
- Араб тилидан таълим бериб келаётган Ҳашем Эсмаел Ҳаммам Aли ёрдамида академик лицейдаги араб тили йўналиши ўқувчилари учун ҳам дарслик ва ўқув адабиётларини яратиб, араб тилининг ўқитилишини янада кенгроқ жорий қиламиз, - деди учрашув чоғида институт ректори И.Тўхтасинов.
Сулаймон ал-Фрих Ўзбекистон Республикасининг кўплаб олий таълим муассасаларида араб тилининг кенг миқёсида ўқитилаётганидан бағоят мамнун эканлиги, Aрабистоннинг ҳам кўплаб олий таълим муассасаларида ўзбекистонлик талабалар араб тилидан таҳсил олиб, икки тилнинг қиёсий ҳамда тарихий жиҳатларини ўрганаётганлигини маълум қилди.
Учрашув якунида институт билан Мадина шаҳридаги Ислом университети, Макка шаҳридаги Умм Aл-Қура университетлари билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатиш масалалари келишиб олинди.
Aсилбек AБДУРАИМОВ.