СамДТИда "психиатрия" йўналиши бўйича магистратурага қабул квотаси оширилади
Бугунги кунда вилоятимиз психиатрия муассасаларида врач-психиатрлар етишмаслиги кузатилмоқда. Шунинг учун Президентимизнинг 2018 йил 16 мартда қабул қилинган "Психиатрия ёрдами кўрсатиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори билан 2018-2019 ўқув йилидан бошлаб "психиатрия" йўналиши бўйича магистрларни грант асосида тайёрлаш юзасидан олий тиббиёт таълим муассасаларига, жумладан, Самарқанд давлат тиббиёт институтига 10 тадан қабул квоталари ошириладиган бўлди.
Институт қошида тиббиёт маълумотига эга бўлган врачлар учун "психиатрия" ва "суицидология" йўналишларида ихтисослашув курслари ташкил қилинади. Психиатрия йўналиши бўйича клиник ординатурада ўқиш учун ўринлар сони 10 тага оширилади. Шунингдек, шифокорларимизда хорижнинг етакчи клиника ҳамда тиббиёт муассасаларида малака ошириш имконияти пайдо бўлди.
Вилоят руҳий касалликлар диспансерида 37 минг нафардан зиёд бемор ҳисобда туради. Ўтган йили Ургут туманида жойлашган 810 ўринли вилоят руҳий касалликлар шифохонасида 7 706 нафар бемор даволаниб, ўз саломатлигини мустаҳкамлаган эди. Муассасада 61 нафар олий тоифали шифокор, 600 нафар ўрта ва кичик тиббиёт ходимлари меҳнат қилади.
Дилмурод ТЎХТАЕВ