СамДУ жамоасининг матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларига байрам табриги
Самарқанд давлат университети жамоаси мамлакатимизнинг жонкуяр журналистларини, телерадио каналлар, газета ва журналлар, нашриёт ва матбаа ходимлари ҳамда соҳа фахрийларини 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни билан самимий муборакбод этади.
Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларининг бугунги кунда жамиятимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар ва янгиланиш жараёнларининг туб моҳиятини халқимиз онгига етказиш йўлидаги фидокорона меҳнатлари таҳсинга сазовор. Зеро, ҳаётимиздаги муаммоларни, мавжуд камчиликларни дадил кўтариб чиқиш, халқимизнинг орзу-интилишлари, дарду ташвишларини ёритиш борасида кўрсатаётган жонбозликлари ғоят қадрлидир.
Кейинги йилларда мамлакатимизда юз бераётган янгиланишлар соҳа ходимларининг зиммасига алоҳида вазифалар юкламоқда. Уларнинг мамлакат демократик манзарасини ёритишда, дунёда ва юртимизда юз бераётган ижтимоий-сиёсий воқеалар ҳақида тезкор, холисона ва ошкора маълумотлар етказиш борасидаги хизматлари кўпчиликнинг эътиборини қозонмоқда.
Рақамли технологияларнинг халқимиз ҳаётига чуқур сингиб бораётганлиги натижасида билимли ва ҳозиржавоб журналистларга бўлган эҳтиёж тобора ортмоқда. Шу жиҳатдан кейинги йилларда журналистиканинг интернет билан боғлиқ соҳасини ривожлантириш учун қабул квоталарининг ажратилиши миллий медиа тизимимизнинг мукаммаллашувига хизмат қилади.
Жорий йилдан бошлаб СамДУда «Ноширлик иши» йўналишида 25 нафар талаба қабул қилиниши режалаштирилгани вилоятимизда ҳам соҳанинг медиатехнологиялар билан боғлиқ жиҳатлари ривожланишига хизмат қилади.
Университет жамоаси яна бир бор соҳа ходимларини касб байрами билан табриклаб, уларга тинчлик-хотиржамлик, сиҳат-саломатлик, бахту саодат ва ижодий ютуқлар тилайди.
Самарқанд давлат университети жамоаси.