СамДУ Литвадаги университет билан ҳамкорликни кенгайтирмоқда 

Самарқанд давлат университетига Литванинг Витаутас Магнус университети делегацияси ташриф буюрди. 

Ташриф доирасида қишлоқ хўжалиги соҳаси бўйича кадрлар тайёрлаш, ҳамкорликдаги илмий лойиҳаларни йўлга қўйиш масалалари муҳокама этилди. Шунингдек, СамДУ халқаро таълим дастурлари факультети талабаларини қўшма таълим дастурлари асосида икки йил муддатга Литвада ўқишини ташкил этиш масалалари ҳам кўриб чиқилди. 

- Самарқанд давлат университетига илк бор келишим, - дейди делегация раҳбари, профессор Астрида Масеикиене. – Университетингиз билан ҳамкорлик қилиш менга мамнуният бағишлайди. Витаутас Магнус университети 1922 йилда ташкил этилган бўлиб, Ҳарвард модели асосида фаолият олиб боради. 81 давлатдаги 800 дан ортиқ олий ўқув юртлари билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйганмиз. Бизнинг университетда олти нафар ўзбекистонлик талаба таҳсил олмоқда. Университетимиз Халқаро Европа рейтингида (QSEESA) 61-ўринни эгаллаб келмоқда. Ҳамкорлигимиз ижобий самара беришига ишонаман.

Беҳруз ШАМСИДДИНОВ,

Самарқанд давлат университети

Ахборот хизмати ходими.