СамДУда “Буюк ипак йўли хабарчиси” журнали чоп этилади

Самарқанд давлат университетида “Буюк Ипак йўли халқлари маданий ва адабий мероси” илмий-тадқиқот маркази ташкил этилди.

Марказда қисқа фурсата улкан ютуқлар қўлга киритила бошланди. Хитой Конфуций институти гранти асосида филология фанлари доктори Э. Мусурмонов муаллифлигида “Буюк ипак йўлида қадимги ўзбек-­хитой адабий алоқалари” монографияси, марказнинг “Буюк ипак йўли халқлари маданий ва адабий мероси” номли гранти асосида профессорлар Р. Холмуродов ва Э. Мусурмоновлар ҳаммуаллифлигида “Буюк ипак йўли маданияти, мифологияси ва архитектураси” монографияси ва ўқув қўлланма ҳам нашр этилди.

Буюк Ипак йўлининг айнан Ўзбекистон ҳудудидан ўтганлигини илмий асосда маданий, адабий ва архитектура ёдгорликлари ёрдамида исботлаш ва уни ўқув жараёнига татбиқ қилиш мақсадида СамДУ магистрантлари учун махсус “Буюк ипак йўли маданияти, мифологияси ва архитектураси” ихтисослик фани дастури ишлаб чиқилди ва бу фан магистрларга ўқитилди. Бакалаврларга 2022­2023 ўқув йили учун ўқув режасига киритилди.

Шу ютуқларга ҳамоҳанг университетда янги илмий нашр – “Буюк ипак йўли хабарчиси” илмий журнали таъсис этилди. Таниқли олимлар, зиёлилардан таркиб топган журнал таҳририяти жамоаси ва таҳририят кенгаши юксак марраларни кўзлаган.

Ўзбек, рус ва инглиз тилларида чоп этилаётган мазкур журнал аниқ, табиий ва гуманитар фанлар соҳасида бажарилаётган илмий-­тадқиқот ишларининг натижаларини чоп этиш, рақобатбардош ишланмалар ва инновацион ечимлар хусусида илмий салоҳиятли мутахассисларнинг тажрибаларини оммавийлаштириш, фундаментал ва инновацион илмий жараёнлардан хабарлар, монографияларга рецензиялар, Буюк ипак йўлида жойлашган давлатлар ва бошқа хорижий мамлакатлар олимлари билан ҳамкорлик алоқалари ва уларнинг натижаларини кенг ёритишни мақсад қилган. Жамоа илм­фан соҳасида олиб борилаётган туб ислоҳотлар моҳиятини илмий жамоатчиликка етказиш, соҳага оид илмий мақолаларни эълон қилиб боришдек масъулиятли ва шарафли вазифани бажаришни бошлади.

Журнал ўзининг ихтисослашуви — Буюк ипак йўли ҳалқлари тарихи, илм-фани ва маданияти, урф-одат ва анъаналари, сиёсий-иқтисодий алоқалари ёритилган илмий, маънавий-­маърифий, сиёсий-­ҳуқуқий, назарий-­услубий мақолаларни эълон қилиб бориш билан мамлакатимиз илм ­фани ривожига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшади. “Буюк ипак йўли хабарчиси” журнали олимларнинг илмий ишланмалари ва тадқиқотлари натижаларини нафақат мамлакатимиз, балки халқаро майдонларда намоён этишда муҳим омил вазифасини ўтайди.

Ҳаким ЖЎРАЕВ.