Саммитда иштирок этадиган делегация аъзолари ва хизмат кўрсатувчи ходимлар ПЗР синовларидан ўтказилмоқда
Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган Туркий давлатлар ташкилоти саммити давомида санитария-эпидемиологик осойишталикни таъминлаш мақсадида вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси ва туман-шаҳар бўлими ходимлари туну-кун хизмат қилмоқда.
Саммитга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш мақсадида ушбу бошқармада штаб ташкил этилди. Санитария-эпидемиология тадбирларини ўтказиш учун “Санэпидхизмат”нинг 175 нафар (127 нафар врач ва 48 нафар ўрта махсус тиббиёт) ходими, шунингдек, республика “Санэпидхизмат”нинг 9 нафар ходими жалб қилинган.
Бугунги кунда Самарқанд вилояти бошқармасининг 2 та вирусологик, 2 та бактериологик, 2 та санитария-гигиена, радиологик, паразитологик, токсикологик лабораториялари фаолият кўрсатмоқда. Шунингдек, “Самарқанд-сити” туристик марказида кунига 6 мингта синов ўтказиш қувватига эга бўлган янги вирусологик лаборатория комплексида барча таҳлиллар амалга оширилмоқда.
Халыаро туристик марказда “Санэпидхизмат”нинг 16 нафар ходими 6 та меҳмонхонага ПЗР тестларини топшириш ва озиқ-овқат хавфсизлигини назорат қилиш учун бириктирилган.
Конгресс залига озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш учун 3 нафар “Санэпидхизмат” ходимлари бириктирилган бўлиб, ҳаммаси махсус тиббий кийим ва пойабзал билан таъминланган. Улар томонидан тегишли санитария-эпидемиология назорати таъминланиб, ПЗР тестларига намуна олинмоқда. Мунтазам равишда сув, ҳаво, тупроқ намуналари олиниб, радиация фони ўлчанмоқда.
Барча хизмат кўрсатувчи ходимлар (озиқ-овқат маҳсулотлари тайёрловчилар, официантлар, муҳандислар, техниклар ва шу кабилар) тиббий кўрикдан тўлиқ ўтказилди.
Ҳар куни делегация аъзолари ва хизмат кўрсатувчи ходимлар ПЗР синовларидан ўтказилмоқда. Объектларда дезинфекция, дезинсекция ва дератизация ишлари мунтазам олиб борилмоқда.
Шунингдек, Самарқанд шаҳрида жойлашган 9 та меҳмонхонада тиббиёт ходимлари ПЗР тестларига намуна олиш бўйича навбатчилик қилмоқда.
Вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси ахборот хизмати.