Бир қанча давлатлар Швейцариядаги саммитга боришдан бош тортди. Мексика, Никарагуа ва Аргентинага нима ёқмади?
Бугун, 7 июнда бир қанча давлатлар ўз делегатларини Швейцарияга Украинадаги можарони ҳал қилиш бўйича тинчлик конференциясига юборишдан бош тортганликларини маълум қилди.
Никарагуа ташқи ишлар вазирлиги бўлажак саммитни "сиёсий фарс" деб билишини айтди. Дипломатларнинг таъкидлашича, саммит иштирокчилари тинчлик йўлини топиш ниятида эмас, фақат “Россияга яна бир ультиматум қўймоқчи”.
Мексиканинг Москвадаги элчихонасининг хабар беришича, Мехико саммитда Россия томони иштирок этмагани учун олинган таклифни рад этган. “Мамлакатимиз тинчлик тарафдори, шунинг учун биз тез орада можаронинг ҳар икки томони иштирок этадиган музокаралар ўтказилишини кутамиз”, - деди дипломатлар.
Аргентина президенти ҳам Хавер Милей Европа сафарига қарамай Швейцарияга боришдан бош тортди. Кейинчалик, унинг 12 июнь куни Италияга ташриф буюриши, шундан сўнг Аргентинага қайтиши маълум бўлди.
Аввалроқ Лотин Америкасининг яна бир давлати – Бразилия Швейцарияда Украина бўйича ўтадиган анжуманга юқори мартабали амалдорларини юбормаслиги хабар қилинганди. Саммитда фақат сиёсий қарорлар қабул қилиш ваколатига эга бўлмаган Бразилиянинг Берндаги элчиси иштирок этади.
Бразилия ва Хитой Швейцариядаги тинчлик саммитига муқобил таклифни илгари сурмоқда. Икки давлат томонидан ташкил этилган саммит Украинадаги можарода қатнашаётган барча томонларнинг тенг иштирок этишини, шунингдек, барча тинчлик режаларини адолатли муҳокама қилишни назарда тутади. Бунгача Пекин Швейцария конференциясида иштирок этишдан бош тортган ва буни Хитойнинг музокараларда Россия ва Украина учун тенг позицияга эга бўлиш талабига мос келмаслиги билан изоҳлаган.