Сарҳисоб: Янги очилган Тошкент давлат иқтисодиёт университети Самарқанд филиали қандай ишлади?

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 28 майдаги қарорига кўра, Тошкент давлат иқтисодиёт университети Самарқанд филиали ташкил этилганди. Самарқанд шаҳридаги молия ва иқтисодиёт коллежи бино ва иншоотлари тегишли ҳудуди билан биргаликда ушбу олий таълим муассасасига топширилди.

Иқтисодиёт тармоқлари талаблари асосида 6 та янги таълим йўналиши бўйича кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилди. Бугунги кунда олийгоҳнинг 1 та факультети ва 2 та кафедрасида 29 нафар профессор-ўқитувчилар 225 нафар талабага замон талаблари асосида таълим бермоқда.

Таълим сифатини ошириш мақсадида профессор-ўқитувчилар сафига 17 нафар ёшлар жалб этилган бўлиб, улардан 8 нафари хорижда малака оширди. Педагогик жамоанинг 9 нафари хорижда таҳсил олган малакали кадрлар ҳисобланади.

Филиалнинг илмий салоҳияти 52,7 фоизни ташкил этиб, келгуси йилда олийгоҳ мавқеини янада ошириш мақсадида илмий фаолият билан шуғулланаётган изланувчилар жалб қилинмоқда.

Талабаларнинг замонавий таълим олишида қулайлик яратиш мақсадида ўқитиладиган мавжуд фанларнинг ўқув-услубий мажмуалари 100 фоиз электрон кўринишга ўтказилди.

Шунингдек, филиалда ҳамкорлик борасида ҳам бир қанча ютуқларга эришилди. Жумладан, Германиянинг Вейенштефан-Триздорф амалий билимлар университети билан қўшма таълим дастурлари асосида 1 та таълим йўналиши бўйича кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилди. Латвия амалий билимлар ва технологиялар университети билан ўзаро англашув меморандуми, “Рақамли иқтисодиёт ва технологиялари”, “Иқтисодиёт таълим” йўналишларида 2+2 қўшма дастурларини йўлга қўйиш, халқаро ҳамкорликни кучайтириш, талабалар алмашинув дастурини кенг жорий қилиш ҳамда кадрлар салоҳиятини янада оширишга келишилди. Шунингдек, ушбу дастурлар орқали Марказий Осиёдан талабаларни Самарқандга ўқишга жалб этиш масалалари кўриб чиқилмоқда. Япониянинг Хиросаки университети билан Олий таълимга оид халқаро лойиҳаларни амалга ошириш, талабалар алмашинув дастурини жорий қилиш каби истиқболли режаларини амалга ошириш кўзда тутилган.

Шунингдек, 2020 йилда талабалар сони 685 нафарга оширилади. Иқтисодиёт тармоқлари талаблари асосида 3 та янги таълим йўналишлари ва 1 та магистратура мутахассислиги бўйича кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилади.

Буюк Британиянинг Вритл университети, Латвия ҳаётий фанлар университети, Жанубий Кореянинг Кангвон миллий университети ва Германиянинг Гиссен университети билан қўшма дастурлар асосида ўқитиш ташкил этилади.

Сарвиноз ТУРСУНОВА,

Тошкент давлат иқтисодиёт университети Самарқанд филиали матбуот котиби.