Саховат – беназир қадрият: Муҳтож оилаларга ёрдам берилди
“Адолат” социал-демократик партиясининг "Саховат – беназир қадрият" лойиҳаси асосида партия вилоят кенгаши томонидан депутатлар ва фаоллар жалб этилган ҳолда ногиронлиги бўлган шахслар, беморлар ва ёлғиз кексалар ҳолидан хабар олинмоқда.
Жумладан, партия вилоят кенгаши раҳбарлари ва депутатлар Паст Дарғом тумани Пўлатчи маҳалласида яшовчи, 1984 йилда туғилган Севара Шерматова ҳолидан хабар олди. Болалигидан ногирон бўлган Севаранинг яшаш шароити, эҳтиёжлари ўрганилиб, унга зарур тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш белгиланди.
Иштихон тумани Муродобод маҳалласидаги I гуруҳ ногиронлари Тоҳир Норбеков ҳамда Замира Норбекова билан суҳбат жараёнида улар даволаниш ва сиҳатгоҳда дам олиш учун партия раҳбарларидан кўмак сўради. Бу масала ҳам тегишли идоралар билан келишилган ҳолда ижобий ҳал этилди.
– Фарзандларим хасталиги туфайли ҳар уч ойда даволаниб туради, – дейди Самарқанд тумани Шалғамон маҳалласида яшовчи Шоира Мансурова. – Лекин ҳамма вақт ҳам бунга имкон бўлмайди. Хонадонимизга йўқлаб келган “Адолат” партияси раҳбарлари ва депутатимизга шу ҳақда айтгандим, улар ёрдам беришларини айтишди. Барака топишсин, илоҳим!
– “Саховат – беназир қадрият” лойиҳаси партиямизнинг мавсумий ёки бирор санага бағишланган тадбири эмас, доимий равишда амалга оширилади, – дейди “Адолат” СДП вилоят кенгаши раиси ўринбосари Лола Сайидова. – Бунда маҳаллий кенгашлар ва парламентдаги депутатларимиз ҳам фаол иштирок этади. Ногиронлиги бўлган, эҳтиёжманд юртдошларимизга партиямиз томонидан, шунингдек, ҳомийлар жалб қилинган ҳолда имкон қадар ёрдам кўрсатилади. Озиқ-овқат маҳсулотлари, дори-дармон, китоблар беряпмиз. Фуқароларнинг мурожаатлари асосида тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда муаммолар ҳал этилмоқда. Бу саъй-ҳаракатлар партиямиз дастурий мақсадларида ҳам ўз ифодасини топган, қолаверса бу ҳар биримизнинг инсоний бурчимиз ҳисобланади.