Сайёр қабул самараси
Вилоят суди раиси Олим Ҳайитов Самарқанд шаҳар Халқ қабулхонасида аҳоли билан учрашув ва сайёр қабул ўтказди.
Тадбирда, шунингдек, вилоят суди ҳамда жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди судьялари иштирок этди. Қабул жараёнида жиноят, фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий масалалар юзасидан фуқаролар мурожаатлари кўриб чиқилди.
Сайёр қабулда 20 га яқин мурожаат бўлди. Шундан қонунга мувофиқ келадиганлари ижобий ҳал қилинди, қолганларига ҳуқуқий тушунтириш берилди. Сабаби, суд-ҳуқуқ масалаларидаги мурожаатлар ҳал этилиши аксарият ҳолларда вақт ва жараён талаб қилади.
Самарқанд шаҳрида яшовчи 64 ёшли онахон М. Ваҳобова сайёр қабул давомида вилоят суди раисига мурожаат қилиб, Туркия давлатига борганида қонунни билмаганлиги учун хорижий давлатларга кириш-чиқиш тартибларини бузганлигини, бунинг учун қонуний жазосини олиб, озодликдан чеклаш жазосини ўтаётганлигини билдирди. Бугунги кунда қилмишнинг оқибатларини тушуниб етганлиги, пушаймонлиги ва тегишли хулоса чиқарганлиги инобатга олиб жазонинг қолган қисмидан озод қилишни сўради. Шунингдек, содир қилган жиноий қилмиши учун суд ҳукми билан жазосини ўтаётган 19 нафар фуқаро сайёр қабулда қилмишидан пушаймонлиги, тегишли хулоса чиқарганлиги, тузалиш йўлига қатъий ўтганлигини, бундан буён соғлом турмуш тарзида ҳаёт кечиришини билдириб, жазонинг ўталмай қолган қисмидан озод қилишни сўради.
Шу ерда жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг сайёр суд мажлиси ташкил этилди. Сайёр судда ҳар бир ҳолат алоҳида кўриб чиқилиб, мурожаатлар ижобий ҳал этилди.
Вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими.