Сенат назорати остида 71 ёшли онахоннинг муаммоси ҳал этилди
Шу кунларда интернет тармоғида 71 ёшли сурхондарёлик аёлнинг фуқаролик паспортини ололмай сарсон бўлиб юргани ҳақидаги хабар тарқалди.
Ҳолат ўрганилда 1950 йилда Сурхондарё вилояти, Қумқўрғон туманида туғилган Зибайда Мирзаева ўзига тегишли фуқаролик паспортини янги турдаги биометрик паспортга алмаштириш мақсадида 2018 йилда туман ички ишлар идорасига ҳужжат топширгани, идора томонидан аёлга техник сабабларга кўра фуқаролик паспортини бериш рад этилгани ва шу вақтга қадар паспорт ололмай сарсон бўлиб юргани маълум бўлган.
Фуқаро мазкур масалага ойдинлик киритиш ва ўз паспортини тиклаб беришни сўраб бир неча бор туман ички ишлар бўлимига оғзаки мурожаат қилган. Лекин масала шу кунга қадар ҳал этилмаган.
Мазкур ҳолат Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси томонидан назоратга олиниб, қисқа вақт ичида ўрганилди.
Натижада масала ижобий ҳал этилиб, 6 август куни З.Мирзаева номига Қумқўрғон тумани ички ишлар бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси фуқаролик паспорти (ID картаси) расмийлаштириб берилди.
Бугунги кунда З.Мирзаеванинг оғзаки мурожаатларини ўз вақтида ҳал этиш чораларини кўрмаган Қумқўрғон тумани ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаси ходимларига нисбатан хизмат текшируви олиб борилмоқда.
Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати.