Сенатор ким? Сенатнинг янги таркиби профессионал даражада шаклландими?
Президентимиз Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис Сенатининг биринчи мажлисида бу саволларга аниқ жавоб берди: «Сенатор – бу аввало халқ ва давлат ишончини қозонган инсон. У чуқур билим, бой ҳаётий тажрибага эга бўлган, тинимсиз меҳнат қилиб, ташаббус кўрсатиб яшайдиган, халқ манфаатларини доимо биринчи ўринга қўйиб, ўз тақдирини эл-юрт тақдири билан чамбарчас боғлиқ ҳолда кўрадиган шахсдир.
Сенатнинг янги таркиби анча юқори профессионал даражада шаклланди. Буни Сенат аъзоларининг 20 нафарини иқтисодчилар, 19 нафарини муҳандислар, 13 нафарини педагоглар, 7 нафарини ҳуқуқшунослар, 6 нафарини тиббиёт ходимлари, 5 нафарини агрономлар, 4 нафарини журналистлар ҳамда 12 нафарини жамоат ташкилотлари вакиллари ташкил этгани, уларнинг орасида 16 нафар фан доктори, 12 нафар фан номзоди мавжудлиги ҳам тасдиқлайди. Шунингдек, Сенат аъзоларининг салкам 25 фоизи хотин-қизлардан иборат бўлиб, бу эса юқори палатанинг фаолияти янгича ёндашув ва қарашлар асосида ташкил этилишидан далолат беради».