Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Сенатор мурожаатчилар билан учрашди ва масалалар ҳал этилди

Олий Мажлис Сенатида доимий асосда ишловчи сенаторлар шу кунларда ҳудудларда бўлиб, маҳаллий Кенгашлар депутатлари, аҳоли билан учрашувлар ўтказмоқда.

Айни пайтда Самарқандда бўлиб турган Сенатнинг ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси Бахтиёр Сайфуллаев бугун Паст Дарғом туманида бўлди.

Халқ депутатлари Паст Дарғом тумани кенгаши котибияти ва доимий комиссиялар раислари билан мулоқот давомида сенатор парламент юқори палатасининг яқинда ўтказилган ўн иккинчи ялпи мажлисида муҳокама этилган масалалар ҳақида маълумот берди. Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаатномаси ҳамда “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастурида белгиланган вазифаларни амалга оширишда маҳаллий Кенгашларнинг ўрни, амалга ошириладиган ишлар ҳақида сўз юритилди.

  Шундан сўнг Б.Сайфуллаев пастдарғомлик фуқароларнинг Олий Мажлис Сенатига йўллаган мурожаатларини жойига бориб ўрганди. Жумладан, туманнинг Ўрта Чархин маҳалласида яшовчи тадбиркорлар Б.Шокиров ва С.Шокировларнинг банк билан боғлиқ мурожаати томонлар иштирокида муҳокама қилиниб, муаммога ижобий ечим топилди. Шунингдек, Олти қаҳрамон маҳалласида истиқомат қилувчи Э.Пармоновнинг аризаси кенг жамоатчилик билан бирга кўриб чиқилди.