Сенатор Нурободнинг олис маҳаллаларида аҳоли билан учрашди

Олий Мажлис Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қ.Бурхонов вилоят ва Нуробод тумани прокуратура, ички ишлар идоралари масъуллари билан бирга ушбу туманда ўрганиш ишлари олиб борди.
Дастлаб Сарикул ва Шарқ юлдузи маҳаллалари еттилиги мисолида тумандаги маҳалла фуқаролар йиғинлари фаолиятига эътибор қаратилди. Маҳалла раиси бошчилигида ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолини камбағалликдан чиқариш ва иш билан таъминлаш, тадбиркорликка ўқитиш борасида олиб борилаётган ишлар ўрганилди.
Шундан сўнг раҳбарлар туман тиббиёт бирлашмаси марказий шифохонасида бўлиб, муассаса моддий-техника базаси, беморлар учун яратилган шароитлар билан танишди. Кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифати ва самарадорлигини ошириш юзасидан амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар белгиланди.
Нурбулоқ маҳалласидаги Абу Али ибн Сино номли сиҳатгоҳ фаолияти билан танишиш чоғида санаторийга маҳаллий аҳоли билан бирга хорижлик сайёҳларни кенг жалб қилиш зарурлиги таъкидланди.
Олий Мажлис Сенати қўмитаси раиси ўрганишлари давомида аҳоли вакиллари билан ҳам учрашиб, парламент юқори палатаси фаолияти, кейинги ялпи мажлисда маъқулланган қонунлар ва уларнинг аҳамияти ҳақида гапириб берди. Шунингдек, Нуробод туманининг мавжуд имкониятларидан самарали фойдаланиш, ҳудудда туризмни ривожлантириш, аҳоли учун янги иш ўринлари яратиш бўйича масъулларга тавсияларини билдирди.