Шаҳарлик асаларичи ҳам табиий тоза асал тайёрламоқда, ҳам асалари зотини янгиламоқда
Айни кунларда уйда бўлган ҳар бир юртдошимиздан омилкорлик билан иш юритиш, томорқадан самарали фойдаланиш, ҳунармандчилик ёки бошқа фойдали машғулот билан шуғулланиш талаб этилади. Қишлоқда яшовчилар учун бу борада юмуш кўп, лекин шаҳарликларнинг ҳаммаси ҳам уйида бундай ишлар билан машғул бўлолмаслиги мумкин.
Самарқанд шаҳар Афросиёб маҳалласида яшовчи ёш асаларичи Абдулла Ҳабибуллаев эса шаҳарда бўлса ҳам бугун ишсиз, бекорчи бўлиб қолмади.
– Ота-бобом асаларичилик билан шуғулланган, – дейди Абдулла. – Асаларичиликнинг барча сир-синоатларини бобомдан, момомдан ўргандим. Бу нафақат инсон саломатлиги, балки табиат, қишлоқ хўжалиги учун ҳам жуда фойдали эканлигини англадим. 2012 йилда “Exclusive Golden Honey” масъулияти чекланган жамиятини ташкил қилиб, тадбиркор сифатида асаларичилик билан шуғуллана бошладим. 120 қути асалари боқяпман. Маҳсулотни бутун мамлакатимиз бўйлаб харидорларга етказяпмиз.
Ёш асаларичи нафақат асал етиштириш билан шуғулланмоқда, балки юртимизда мазкур соҳани ривожлантириш мақсадида янги лойиҳалар устида иш олиб бормоқда. Жумладан, янги асалари зотларини кўпайтириш ҳаракатида.
– Ўтган йилда Германиядан Bacfast асалари зотидан 2 дона олиб келгандим, – дейди А. Ҳабибуллаев. – Бу асалари касалликка чидамли бўлиб, ривожланиши, чанглатиш ва асал йиғишдаги самарадорлиги билан маҳаллий асаларилардан уч-тўрт баробар устун туради. Икки йил ичида 120 қутидаги барча асаларини шу зотга алмаштиришни режалаштирганман. Бундан ташқари, ҳозирда Жомбой тумани ҳудудида 12 гектар майдонда замонавий интенсив боғ ва у ерда интенсив асалариларни кўпайтириш (нуклеус) паркини ташкил қилиш бўйича ишлаяпман. Мазкур лойиҳанинг умумий қиймати 3,5 миллиард сўмни ташқил қилади. Унда замонавий лаборатория ташкил қилиб, асаларини сунъий кўпайтириш йўлга қўйилади. Буни 2019 йилда Туркияда бўлиб, маҳаллий асаларичилардан ўрганиб келганман. Бу усул асаларичилик ривожида жуда катта самара беради.
Абдулла вилоят асаларичилик уюшмаси билан ҳамкорликда Самарқанд шаҳридаги тарихий обидалар жойлашган ҳудудда асал ва асалари маҳсулотларини сотиш савдо марказини ташкил қилишда ҳам ташаббускорлардан ҳисобланади. 2019 йилги мавсум давомида 1,5 тонна асал тайёрлаган Абдулла Ҳабибуллаев жорий йилда бу кўрсаткични 2 тоннага етказишни режалаштирмоқда.
Асалнинг инсон саломатлигига кони фойдалиги ҳақида кўп эшитганмиз, аммо асалари сути, гул чанги, прополиснинг фойдалари ҳақида етарли маълумотга эга эмасмиз. Абдулланинг айтишича, асалари сути (апилак) кам қонлик, стенокардия, қувватсизлик, иммунитетни мустаҳкамлашда кимёвий препаратлардан анча устун экан.
- Энг муҳими, табиий тоза маҳсулот инсон организмига зарар етказмайди, - дейди ёш асаларичи.
Алишер Исроилов.