Шавкат Мирзиёев: “1 июндан бошлаб ғаллани давлат томонидан сотиб олиш ва сотишда бозор нархларига ўтамиз”

Президент иштирокидаги йиғилишда соҳадаги ғаллачилик соҳасидаги ислоҳотлар янги босқичга чиқиши маълум қилинди.

“Бир сўз билан айтганда, давлат дон корхоналаридаги айни пайтдаги эскича тизим дон етиштирувчига ҳам, қайта ишловчи корхоналарга ҳам манфаат бермаяпти.

Шу боис, қишлоқ хўжалиги ислоҳотларини бошлаган давримизда дон етиштиришда давлат буюртмасини босқичма-босқич бекор қилиш ва ҳақиқий ғалла бозорини яратишни бундан уч йил олдин эълон қилган эдик.

Бугун халқимиз, фермер-деҳқонларимиз анчадан буён кутган ушбу ислоҳотларимизнинг янги босқичини бошлаймиз. Қанчалик қийин бўлмасин, 1 июндан бошлаб ғаллани давлат томонидан сотиб олиш ва сотишда бозор нархларига ўтамиз.

Шунингдек, фермер ва кластерлар ўзлари етиштирган ғалласини биржа савдоларига олиб чиқишлари учун ҳам барча имкониятлар яратилади”, деди Президент.

Бунда, энг аввало, давлат ресурслари учун сотиб олинадиган 1 тонна буғдой нархи ўтган йилдаги 1 миллион 550 минг сўмдан жорий йил ҳосили учун 3 миллион сўмга, яъни 2 бараварга оширилиши маълум қилинди.