Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Қаҳрамони Ҳасан Нормуродов вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди
Ўзбекистон халқи оғир жудоликка учради.
Атоқли давлат ва жамоат арбоби, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенатининг аъзоси, “Нуроний” жамғармасининг Самарқанд вилояти бўлими раиси, Ўзбекистон Қаҳрамони Ҳасан Норбекович Нормуродов шу йил 24 апрель куни 82 ёшида вафот этди.
Ҳасан Нормуродов 1939 йил 16 ноябрь куни Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманида туғилди. Ўрта мактабни тугатиб, Каттақўрғон педагогика билим юрти ва Самарқанд давлат университетида таҳсил олди.
Хизмат фаолиятини ўрта таълим мактабининг она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси лавозимида бошлаб, кўп йиллар давомида Самарқанд вилоятининг турли шаҳар ва туманларида ишлади.
Жумладан, Каттақўрғон шаҳри, Жомбой, Нарпай туманларида раҳбарлик лавозимларида, Самарқанд вилояти партия қўмитасининг котиби сифатида самарали фаолият кўрсатди.
1988-1995 йилларда Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи, 1995–2003 йилларда Халқ таълими ва фан ходимлари касаба уюшмасининг Самарқанд вилоят кенгаши раиси бўлиб ишлади.
2003 йилдан ҳозирги вақтга қадар “Нуроний” жамғармасининг Самарқанд вилояти бўлими раиси вазифасида фидокорона меҳнат қилди.
Ҳасан Норбекович Нормуродов 60 йилдан зиёд меҳнат фаолияти давомида ўзининг улкан раҳбарлик салоҳияти, бой билим ва тажрибаси, барчага ибрат бўладиган маънавий фазилатлари билан, жонажон Ватанимизга чексиз муҳаббати ва садоқати билан ҳақли равишда кўпмиллатли халқимизнинг қалбидан чуқур жой олган улуғ инсон эди.
Унинг бевосита раҳбарлигида Самарқанд вилоятининг турли ҳудудларини иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш ва ободонлаштириш, аҳолининг турмуш даражасини яхшилаш, таълим-тарбия тизимининг самарадорлигини ошириш бўйича улкан ишлар амалга оширилди.
Ҳасан Норбекович Нормуродов ҳақиқий халқ оқсоқоли сифатида ҳамиша эл-юртнинг дарду ташвишлари билан яшади. Айниқса, кекса авлод вакиллари, хотин-қизларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, улар учун муносиб шароит яратиш, азиз ёшларимизни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш, уларнинг келажагини таъминлаш йўлида чинакам фидойилик кўрсатиб, сидқидилдан хизмат қилди.
У Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг аъзоси сифатида мустақиллигимизни мустаҳкамлаш, мамлакатимизда парламентаризм тизимини ривожлантириш, ижтимоий-иқтисодий тараққиётимиз учун зарур бўлган муҳим қонунларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишга катта ҳисса қўшди.
Ҳасан Норбекович Нормуродовнинг давлатимиз ва халқимиз олдидаги улкан хизматлари муносиб тақдирланди. У “Дўстлик”, “Меҳнат шуҳрати”, “Эл-юрт ҳурмати” орденлари, “Ўзбекистон Қаҳрамони” деган юксак унвон билан мукофотланган эди.
Халқимизнинг улуғ фарзанди, атоқли давлат ва жамоат арбоби, самимий ва фидойи инсон Ҳасан Норбекович Нормуродовнинг ёрқин хотираси қалбларимизда ҳамиша сақланиб қолади.
Ш.Мирзиёев, Т.Норбоева, Н.Исмоилов, А.Арипов, Э.Турдимов, С.Турдиев