Шахмат ойлиги якуний финал босқичида ким ғолиб бўлди?
Самарқанд олимпия захиралари коллежида “Спортни сев, спорт билан яша!” шиори остида январь ойида ўтказилган шахмат ойлиги мусобақасининг финал беллашувлари бўлиб ўтди.
Тадбирнинг расмий очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Туризимни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси А.Абдуҳакимов ва вилоят ҳокимининг ўринбосари Б.Нуруллаев иштирок этиб, шахматни аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида кенг тарғиб этиш ва оммавий спортга айлантиришга эришиш кераклигини таъкидлади. Шунингдек, ёш иқтидорли шахматчилар сафини янада кенгайтириш орқали профессионал шахматчилар ва халқаро гроссмейстерлар этиб тайёрлаш бугунги куннинг муҳим вазифаси эканлигиги алоҳида тўхталди.
Шундан сўнг вилоят ҳокимлиги, жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси, Ўзбекистон шахмат федерацияси вилоят ҳудудий бўлими ҳамкорлигида ташкил этилган мусобақанинг финал ўйинларига старт берилди.
Шаҳар ва туман босқичларида ғолиб бўлган 200 нафардан ортиқ ҳаваскор ёш шахматчилар ҳамда 50 нафардан ортиқ 18 ёшдан ошган ҳаваскорлар беллашган ақл беллашувида эркаклар ўртасида 1-ўринни нарпайлик Мурод Амирқулов, 2-ўринни ургутлик Музаффар Ўсаров, 3- ўринни пайариқлик Содиқ Қаюмов эгаллади. Аёллар ўртасида 1-ўринни оқдарёлик Маржона Маликова, 2-ўринни пахтачилик Роҳила Тошботирова, 3-ўринни ургутлик Муҳаррам Эшпўлатова қўлга киритди.
Шунингдек, шашка бўйича эркаклар ўртасида Каттақўрғон шаҳрилик Аббос Равшановга, аёллар ўртасида Самарқанд шаҳрилик Маҳбуба Халиловага тенг келадиганлар топилмади.
Мусобақа ғолиб ва совриндорларига диплом ва эсдалик совғалари топширилди.
Беллашув давомида халқаро гроссмейстерлар - Тоҳир Воҳидов, Алексей Барсов ҳамда Али Қосимовлар иштирокида ёш шахматчилар билан маҳорат машғулоти (мастер-класс) ўтказилди.
Ҳусан Элтоев.