Шахсий маълумотлар дахлсизми?

Балки бироз ҳиссиётга берилгандирман, бироқ хулоса қилишга шошилманг. Ҳа, айнан шундай – шахсий маълумотлар дахлсизлиги кафолатланмаган. Қонунларда белгиланган, аммо у бугунги воқеликка тўғри келадими?

- Қўшработ “Агробанки”дан номимга онлайн кредит расмийлаштирилган экан, бир йилдан буён ҳеч қандай тўлов амалга оширилмагани учун банк ходимлари уйимга келавериб, хуноб қилиб юборди.

Одатий иш кунларида қилинган бу мурожаат аввалбошда уйдирмадек туюлди.

- Жа, унчаликмасдир, телефонингизга келган кодни кимгадир айтгандирсиз?

- Йўқ, банкка бориб суриштирдим, номимга расмийлаштирилган кредит ҳужжатларида бошқа телефон рақами қайд қилинган.

- Энди, нима қилмоқчисиз?

- Шунга бошим қотган...

Хўш, Сиз нима қилардингиз? Маслаҳат беришдан осони бормикан?

Юристнинг ҳикояси

Айни масалада мутахассислар билан маслаҳатлашдим. Бундай чигалликдан мурожаатчи чиқиб кета олишига кўзим етмагани сабаб эшитганимни сизга илиндим.

- Тегишли жойларга арз қилишдан аввал яхшилаб суриштириш керак, - дейди таниш юристлардан бири. – Чунки қаердадир бу кишининг ўзи ҳам номига кредит расмийлаштирилаётганидан хабардор бўлиб қолган бўлиши керак.

Яқинда шундай мурожаатни ўрганганимда, шикоятчи аёл қорамолнинг ёнида суратга олишганини эслади. Маълум бўлишича, унга расмийлаштирилган кредит чорва хариди учун деб чиқарилган экан. Бундан ташқари, агар имтиёзли кредит олинган бўлса, бунинг учун маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси тавсия берган.

Лекин айрим ҳолларда фақат паспорт нусхаси ёрдамида ҳақиқий мижозни хабардор қилмай, кредит расмийлаштирилиши ҳам бор гап.

Ижтимоий тармоқ хабарида

Юқоридаги гап аслида кўпчилигимизга таниш, чунки бу ҳақда ижтимоий тармоқларда хабарлар чиқиб турибди. Аммо бу муаммо айнан ўзимиз билан содир бўлмагани учун кўпам аҳамият бермаганмиз.

Мисол учун, Фурқат тумани банк хизматлари маркази собиқ раҳбари Д.М. ва бошқалар 5 нафар фуқаро номидан уларнинг хабардорлигисиз тадбиркорлик субъектлари билан сохта шартномалар тузиш орқали 132,3 миллион сўм имтиёзли кредит ажратилишига эришган.

Департаментнинг Фурқат тумани бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда ушбу маблағлар талон-торож қилинганлиги аниқланган.

Ҳали «совимаган», лекин совуғи этни жунжиктирадиган хабардан хулоса қилдикмикан?

Тушуняпсизми, банк мутасаддилари 5 кишининг номига уларга айтмасдан, кредит расмийлаштириб, «еб юборган». Энди бу бешовлон камида 2-3 ой овора бўлиши тайин. Ўзлари кўрмаган, бирон манфаат топмаган маблағларни тўлаши ёки тўламаслиги эса яна бир масала.

 

Паспорт нусхасини ҳеч кимга ишонманг!

Таҳририятга мурожаат билан келган кишини ҳам ёки у каби чув тушганларни ҳам паспорт нусхасини бировга берганликда айблашингиз мумкин. Лекин ўзингизчи, ўнлаб (агар юзлаб бўлмаса) идора ва ташкилотга паспорт нусхангизни бермаганмисиз?

Шошилманг, ҳеч бўлмаганда уяли алоқа компаниясида бир нусха қолдиргансиз. Ундан ким, қандай фойдаланади, кимларга, қай мақсадларда бериб юборади, кузатиш, назорат қилиш имконига эга эмассиз.

Айни пайтда номингизга ҳеч қандай кредит расмийлаштирилмаганини тўла ишонч билан айта оласизми? 100 фоиз ишонч билан айта оламанки, бу иш қўлингиздан келмайди. Чунки, бугун Ўзбекистонда бундай хизмат тури йўлга қўйилмаган. Албатта, муайян тўлов орқали аниқланадиган кредит тарихи бундан мустасно.

Муаммолар ҳақида гап кетганда, одатда жамоатчиликни айблаймиз - илмсизлиги, лақма ва ишонувчанлиги шу ҳолга сабаб бўлган, дейишга устамиз. Хўп, паспорт нусхангиз билан номингизга кредит расмийлаштириб, «еб юборишса», нима қиласиз?

Таклиф

Ягона интерактив давлат хизматлари порталида «номингизга очилган банк карталари» хизматини жорий қилиш қийинми? Ёки сизнинг «номингиздаги кредитлар, кафилликлар тўғрисидаги маълумотлар»ни йўлга қўйса бўладими?

Ёқубжон Марқаев.