Таржимонлар тақдирланди

Самарқанд давлат чет тиллар институтида Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд саммити: “Самарқанд руҳи” – ҳамкорлик, ўзаро англашув ва дўстлик ифодаси” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Олий Мажлис сенати аъзоси Ф.Тошев, СамДЧТИ ректори И.Тўхтасинов, вилоят туризм ва маданий мерос бошқармаси бошлиғи ўринбосари Д.Нарзиқулов Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Самарқанд саммитининг аҳамияти ҳақида сўзлади. Халқаро саммитнинг юқори савияда ташкил этилишида Самарқанд давлат чет тиллар иститутининг муносиб ҳиссасини эътироф этди.
Дарҳақиқат, хориждан ташриф буюрган меҳмонларга батафсил маълумот беришга, хорижий делегациялар ҳамда меҳмонларга таржимон сифатида ҳамроҳлик қилиш учун институтнинг малакали таржимон ўқитувчи ҳамда талабалари рус, хитой, инглиз, немис, француз, итальян, испан, япон, корейс, араб ва турк тилларида фаолият олиб борди.
Очиқ мулоқотда нуфузли меҳмонлар, институт раҳбарияти вакиллари ва саммит доирасида таржимонлик фаолияти билан шуғулланган волонтёрлар иштирок этишди.
Давра суҳбатида гид-таржимон сифатида беминнат хизмат кўрсатган профессор-ўқитувчилар ва талаба-ёшларга миннатдорчилик билдирилган ҳолда вилоят ҳокимлигининг фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғалари топширилди.