Ширин торт, аччиқ оқибат: Байрам дастурхонига тортилган қўлбола маҳсулотлар саломатликка хавф солмасин!

Ҳар сафар турли байрамлар арафасида, айниқса, Янги йил олдидан бозорларимиз турли ширинликлар, озиқ-овқат маҳсулотлари, тузламалар билан тўлиб-тошади.

Бу маҳсулотларни арзон экан деб харид қиламиз. Аммо уларнинг қандай усулда тайёрлангани билан қизиқмаймиз. Шу сабабли баъзида байрам дастурхонига қўйилган егуликлардан заҳарланишлар келиб чиқади.

Ҳар йили 15 декабрдан 15 январга қадар вилоятимизда санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда “Озиқ-овқат хавфсизлик ойлиги” тадбирларини ўтказади. Жорий йил ҳам аҳолининг хавфсиз овқатланишини таъминлаш мақсадида ойлик тадбирлари ташкил этилди. Аҳоли орасида ошқозон-ичак касалликлари ва гуруҳли овқатдан заҳарланиш ҳолатларини, овқатга боғлиқ юқумли бўлмаган касалликларнинг олдини олишга қаратилган тадбирларни ўтказиш мақсадида Оқдарё, Иштихон туманлари ва Каттақўрғон шаҳар деҳқон бозорларида ўрганиш ишлари олиб борилди.

Мониторинг гуруҳи дастлаб Оқдарё деҳқон бозоридаги қассобхоналар ва кушхоналарнинг санитария-гигиена ҳолатини кўздан кечирди. Бозорда фаолият юритаётган айрим қассобларга берилган рухсатномаларининг амал қилиш муддати ўтиб кетганлиги, гўшт маҳсулотларининг яроқлилик сертификатлари йўқлиги маълум бўлди. Жумладан, “Дилшод” оилавий корхонаси сотувчиси тиббий кўрикдан ўтганлиги туғрисидаги маълумотнома ва сотилаётган маҳсулотларининг сертификатини кўрсатолмади. 10 турдаги қандолатчилик маҳсулотларнинг қачон ишлаб чиқарилгани маълум эмас.

- Ҳар куни озиқ-овқат маҳсулотлари билан савдо қилувчи тадбиркорлар билан суҳбатлар ўтказиб, тиббиёт дафтарчаси, маҳсулотларнинг яроқлилик сертифакатларини кўздан кечирамиз, - дейди туман санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлими бош шифокори Баҳриддин Марқаев. – Савдо қоидаларини бузган ўнга яқин тадбиркор ва сотувчиларни ёзма равишда огоҳлантирганмиз. Қўлбола тузлама ва ширинликлар тайёрлаб сотадиган сотувчиларга маҳсулотларни тайёрлашда санитария-гигиена қоидаларига қатъий амал қилишлари зарурлигини уқтирамиз.

Иштихон деҳқон бозорида пиширилган лавлаги, торт ва бошқа кремли пишириқлар усти ёпилмаган ҳолатда сотилаётганига гувоҳ бўлдик. Балиқлар эса  бўш расталар бўлса-да ерга қўйиб сотилмоқда. Гўшт ва гўшт маҳсулотлари билан савдо қилаётган Н.Облоқуловнинг тиббий кўрикдан ўтмагани, гўштнинг яроқлилик сертификати йўқлиги аниқланди. Дўконда музлатгич йўқ. А.Самандаровга тегишли гўшт дўконида ҳам шундай ҳолат кузатилди.

Бозор ҳудудида жойлашган ўнга яқин ошхона санитария-гигиена талабларига умуман жавоб бермайди. Ошпазларнинг бирортасида махсус кийим йўқ. Жумладан, Х.Бердиев ижара асосида фаолият юритаётган ошхонада ярим тайёр маҳсулотлар музлаткичда эмас, очиқ ҳолатда турибди. Ошхона эшиги олдида ювинди тўкилган. Қўра ва қозонлар пиёдалар йўлагига ўрнатилиб, таом пиширилмоқда. Н.Бойсариева ишлатаётган кичик ошхона ҳам санитария-гигиена талабларига жавоб бермайди. Энг ёмони, маиший газ баллони билан овқат пиширилаётган қозон ўртасида масофа бир метр ҳам чиқмайди.

Бозор ҳудудида харидорларнинг хавфсизлиги таъминланмаган. Умумий овқатланиш шохобчалари ёнида кийим-кечак савдоси билан шуғулланувчилар жойлашиб олган. Қозонлар ёнида деворларга мих қоқиб, мато ва  кийимларни илиб қўйишибди. Ёнғин чиқса, ҳатто ўт ўчирувчи ёки “Тез ёрдам” машиналари ўтиши учун ҳам йўл қолдирилмаган.

Каттақўрғон шаҳар деҳқон бозори ҳафтада тўрт кун фаолият кўрсатади. Бу ерда ҳам озиқ-овқат маҳсулотлари ерга қўйилган ҳолда сотилмоқда. Қутиларга солинган мевалар орасида қорайиб кетган, истеъмолга яроқсиз банан, олма ва чириган хурмоларни кўриш мумкин. Кимёвий ювиш воситалари ёнига очиқ ҳолдаги қуруқ чой, макарон, турли ёғлар, шунингдек, туз ва пишириқлар қўйилган.

Ойлик давомида барча бозорларда, аҳоли гавжум жойларда, магистрал йўл ёқаларида хавфсизлиги кафолатланмаган маҳсулотларни сотишни тақиқлаш чоралари кўрилади, савдо ва умумий овқатланиш шохобчаларида сифатли таомлар тайёрланиши устидан назорат кучайтирилади, - дейди вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси бошлиғи Латиф Рустамов. – Айниқса, уй шароитида тайёрланган пишириқлар, торт, пирожний ва майонезли салатлар билан савдо қилиш, шунингдек, яроқлилик муддати ўтган маҳсулотлардан инсонлар саломатлигига хавф солувчи фаст-фуд маҳсулотларини сотиш тақиқланади.

Чунки уй шароитида тайёрланган қўлбола консерва ва тузламалар, сифатсиз маҳсулотларни истеъмол қилиш оқибатида овқатдан заҳарланиш ва ботулизм каби нохуш ҳолатлар учрайди. Шунинг учун ҳар қандай маҳсулотларни харид қилишдан олдин уни яхшилаб кўздан кечиринг ва сифати бузилмаганлигига эътибор беринг. Яроқлилик муддати ўтган маҳсулотлар саломатлигингиз учун хавфли эканлигини унутманг.

Дилмурод Тўхтаев.