Шунақаси ҳам бўлар экан: қабристонлардаги қонунбузилиш ҳолатлари

Самарқанд вилояти туман, шаҳарларидаги ободонлаштириш бошқармаларида қабристонларга ер ажратиш, сақлаш, фойдаланиш, ёпиш ва ўзгартириш, шунингдек, фуқароларга пуллик хизмат кўрсатиш ҳамда дафн этиш жойларини ажратиш соҳасидаги ҳуқуқни қўллаш амалиёти ўрганилганда 9413 та қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди.

Вилоят адлия бошқармасининг бу ҳақдаги ахборотида қайд этилишича, ўрганиш давомида вилоятда мавжуд 1547 қабристоннинг 1056 тасига кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилгани, 172 та қабристон атрофи девор ёки тўсиқ билан ўралмагани, 1035 тасининг ички йўлаклари таъмирланмагани аниқланди. Шунингдек, қабрларни рақамлаш ва дафн этишни рўйхатдан ўтказиш дафтарларини юритиш ишлари бу борадаги низом талабларига умуман жавоб бермаслиги кузатилган.

Самарқанд шаҳар ва туман ободонлаштириш бошқармаларидан ташқари бошқа ҳудудларда қабристон маъмурияти томонидан кўрсатиладиган хизматлар учун қатъиян белгиланган таърифлар бўйича ҳисоб-китоб қилиш механизми йўлга қўйилмаган. Самарқанд шаҳар ва туман ободонлаштириш бошқармаларининг бу ҳақдаги буйруқлари ҳам бошлиқ томонидан чиқарилиб, шаҳар, туман ҳокимлари билан келишилган. Ваҳоланки, Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 4 апрелдаги 101-сонли қарори билан тасдиқланган “Дафн этиш жойларини сақлаш, улардан фойдаланиш ва қабр усти ёдгорликларини ўрнатиш тартиби тўғрисида”ги низомга кўра, қабристонлар маъмуриятлари томонидан кўрсатиладиган пуллик хизматлар учун таърифлар вилоят ҳокимлиги томонидан белгиланиши лозим.

Бунинг натижасида Самарқанд шаҳар ободонлаштириш бошқармаси томонидан дафн этиш маросимлари (қабр қазиш) учун кўрсатилган пуллик хизматлардан 2017 йилда 140 миллион сўм, 2018 йилда 125 миллион сўм ва 2019 йил бошидан буён 37 миллион сўм пул маблағлари ноқонуний ундирилган.

Вилоятдаги қабристонларни тоза ва озода сақлаш учун 2017-2018 йилларда фуқаролардан 286 миллион сўм хайр-эҳсон маблағлари тушган. Аммо бу маблағнинг бор-йўғи 14 миллион сўми сарфланган. 

Ўрганиш якунлари бўйича Самарқанд вилояти адлия бошқармаси қонунбузилишига йўл қўйган шахсларни маъмурий жавобгарликка тортиш юзасидан ваколатли органларга 226 та маъмурий таклиф ҳамда ободонлаштириш бошқармаларига 16 та тақдимнома киритган.