Синфимиз қандай аълочи бўлган?

Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз, бир ўқитувчи синфдаги ўқувчиларнинг ҳаммасини аълочи қилиб ўқитиши мумкинми? Мантиқан ўйлаганда мумкин, лекин амалда жуда қийин, агарда иқтидорли ўқувчилар танлаб олинмаган бўлса. Мен эса ҳаётда бунинг исботини кўрганман. Ўқувчисини билимга қизиқтириш, унинг иқтидорини юзага чиқариш ўқитувчининг маҳорати, тажрибаси билан бирга таълимга ўзгача ёндашувига ҳам боғлиқ экан.

1987 йилда Пайариқ туманидаги 30-ўрта мактаб (ҳозирги 84-мактаб)га илк бор қадам қўйганмиз. Биринчи ўқитувчимиз Сабоҳат опа Худойбердиева биз, 33 нафар болага ҳарф ўргатишда ўйин усулларидан, оддий ҳаётий мисоллардан фойдаланарди. Ўша пайтларда хонадонларда видеомагнитофон йўқ, колхоз клубида қўйиладиган киноларга боришга ёшлик қиламиз, телевизорда ҳар замонда бериладиган “Ну погоди”ни кўрамиз, холос.  Ўқитувчимиз билимли, яхши ўқиган ўқувчиларни ҳафтада, ойда бир марта уйига олиб бориб “Алибобо ва қирқ қароқчи”, “Оловуддиннинг сеҳрли чироғи” ва бошқа расмли киноларни қўйиб берарди. Гарчи овозсиз бўлса-да, кетма-кет расмлардан иборат кинони кўриш учун синфдаги барча ўқувчилар яхши ўқишга ҳаракат қиларди. Ўша пайтда транспорт кам бўлса-да, узоқдаги музейларга олиб борарди, кўпинча далаларга чиқиб, табиат қўйнида дарс ўтарди. “Аълочи ўқувчи”, “аълочи парта”, “аълочи қатор”ларга бериладиган юлдузча, ракета макетлари ҳам ўқишга бўлган қизиқишимизни оширган. Математиканинг қийин мисолларини оддий усулларда ечишни, матнни тез ва ифодали ўқиш қоидаларини, расм, табиат, меҳнат, ўқиш фанларини яхши ўзлаштириш учун тасаввур қилишни ўргатарди. Ўқув йилини аълога битирганларни қўшимча рағбатлантириб, совғалар берарди.

Ўқувчининг билим пойдевори мустаҳкам бўлса, кейинчалик илм олишида ҳам қўл келаркан. Биринчи ўқитувчимиздан олган тўрт йиллик сабоғимиз мактабни битиргунимизча асқотди. Юқори синфга ўтганимизда ҳам ўқитувчилар «А» синфни мен оламан”, деб талашишарди.

Ўқитувчимизнинг меҳнатлари, қалбимизда илмга қизиқиш уйғота олгани туфайли қишлоқ мактабини битирган синфдошларимнинг аксарияти турли олийгоҳларга ўқишга кирди. Бир ўқитувчининг маҳорати билан синфдаги 33 нафар ўқувчи аъло баҳога ўқидик. Фақат биз эмас, ўқитувчимизнинг биздан олдинги ва кейинги ўқувчилари ҳам шундай аълочи бўлишган. Мактабни битирганимизга 20 йилдан ошди, лекин ўша пайтда ўрганганларим ҳамон ёдимда.

Ҳозир биринчи ўқитувчимиз пенсияда, фарзанду набиралар ардоғида бўлса-да, маслаҳат сўраб келган ёш ўқитувчилардан ёрдамини аямайди, тажрибаларини ўргатади. Ҳаётда нимагаки эришган бўлсак, устозларимизнинг машаққатли меҳнати самарасидир. Бизга ҳаётда асқотадиган нимаики ўргатган барча устозларимизни касб байрамлари билан чин қалбимдан табриклайман!

Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ.