Синовли кунлар сабоқ бўлмоқда

Пандемия барчамиз учун мураккаб ва чигал давр сифатида ҳаётимизга кириб келди. Кутилмаган синовли кунлар умумтаълим мактаблари, ўрта махсус ва олий тизим даргоҳлари ўқувчи талабалар ҳамда ўқитувчилари тегишли мутасаддиларнинг билими, иқтидори, сабр-бардошини чиғириқдан ўтказмоқда.
– Карантин бошлангунга қадар қадрдонлар билан қучоқ очиб, бағримизга босиб кўришардик, - дейди Самарқанд туманидаги 1-умумтаълим мактаби директори Дилдора Шукурова. - Коронавируснинг ўта хавфли эканлигини билган, дилдан ҳис қилганлар масофа сақлаб саломлашмоқда. Назаримда, карантин кўпчиликнинг кўзини очди, мудроқ қалбларни сергаклантирди.
Мен раҳбарлик қилаётган мактабда 763 нафар ўқувчи таҳсил олади. Бу йил 60 нафар йигит-қиз мустақил ҳаётга учирма қилинди. Уларнинг 88,3 фоизи олий ўқув даргоҳларига ҳужжат топширишган. Муҳими, ўқувчиларимиз масофадан туриб таълим олиш сир-асрорларини ўрганишда кўникма ҳосил қилишмоқда. Уларнинг келажакдаги истиқболига ишонаман.
– Ўта шарафли ва мураккаб ўқитувчилик касбида 28 йилдан бери ишлаб келяпман. Президентимиз мактаб ўқитувчисининг обрў-эътиборини кўкларга кўтармоқда. Биз бундай юксак эътиборга лойиқмизми, дея ўйлаб қоламан. Aслида бундай шарафга муносиб бўлишимиз ҳам бурч, ҳам масулиятдир, - дейди Самарқанд шаҳридаги 16-умумтаълим мактаби бошланғич синф ўқитувчиси Матлуба Набиева. – Кўп йиллик фаолиятим давомида тушга кирмаган синовларга рўбарў келдим. Синфимда 27 нафар бола 1-синфни битирди. Қарийб уч ой болаларим масофадан туриб ўқиди. Уларга ва ота-оналарга, албатта, осон бўлгани йўқ. Кўзим болажонларнинг кўзига тушиб, уларнинг қаршисида қалб ҳароратини ҳис этиб дарс ўтишга нима етсин!.. Aммо, масофадан туриб улар билан интернет орқали мутассил алоқада бўлдим. Телеканалларда берилган онлайн дарслар орқали ўқувчиларни баҳолашга тўғри келди. Тўғрисини айтаман, бу жараёндан унча кўнглим тўлгани йўқ. Мен уларни соғинаман. Чунки ҳар бир ўқувчим мен учун фарзандимдек қадрли. Уларнинг кўпчилиги истеъдодли. Бирининг ҳуснихати чиройли, иккинчисининг талаффузи тиниқ, овози ёқимли, бирови дарсга эътиборли, кўпчилиги фанларга ўта қизиқувчан, кашфиётга интилувчан қоракўзлардир..
Янги ўқув йилини ўзим ҳам интилик билан кутаяпман. Чунки, ўқувчиларимни соғинганман. Демоқчи бўлганим, масофадан таълим бериш, бошланғич синфлар учун эмас. Улар масофавий онлайн таълимни ўрганишгани безарар. Aммо ўқувчилар индивидуал дарс машғулотлари ўтиши керак.
– Мен фаолият кўрсатаётган қадрли даргоҳим вилоятдаги энг кўҳна мактаблардан саналади. Бу даргоҳда Иккинчи жаҳон урушидан кейинги оғир даврларда ҳам бобо-момоларимиз қунт билан ўқишган, билим олиб, касб ўрганишган, - дейди Ургут туманидаги 87-мактаб рус тили ўқитувчиси Ўткиржон Худойназаров. - Қулқишлоқ маҳалласидаги мактабдан жуда кўплаб ижод аҳли, журналистлар, халқимизнинг илғор зиёлилари етишиб чиққан. Шу давр билан таққослаганда бугун пандемия синовларида таълим-тарбияни сусайтирмаслик керак. Таҳсил соатларига “Уйда қолинг”, “Тозаликга риоя қилинг”, “Ҳар соатда юз-қўлингизни тозалаб ювинг”, “Масофа сақланг” – деган даъватлар киритилгани айни муддао. Буларга барча даврларда риоя қилиш, ҳаётий таомилга киритиш инсоният учун фойдали. Синовли кунлар барчамизга сабоқ бўлмоқда. Уни мардона енгиб, тинч, осойишта мактаб қучоғида дарс ўтишимизга ишонаман!
Ўзингизни асранг азиз ҳамюртлар…
Дилмурод Дўстмуродов ёзиб олди.